Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Игорь Черевченко: «Насаф»дан ўрганадиган жиҳатлар кўп...»

Баҳо:
+ | -

Суперлига жамоалари  давралар оралиғида бир нечта назорат учрашувларини ўтказдилар.

Қаршининг «Насаф» клуби ҳам жорий йилнинг 19 июль куни ўз майдонида қўшни Тожикистоннинг бир неча бор чемпиони ва кубоги соҳиби «Истиқлол» (Душанбе) билан халқаро мақомдаги ўртоқлик учрашувида иштирок этди. Фурсатдан фойдаланган махсус мухбиримиз меҳмонлар бош мураббийи Игорь Черевченкодан интервью олди.

- Игорь Геннадиевич, авваломбор Ўзбекистонга, Қарши шаҳрига хуш келибсиз.

- Раҳмат. Таассуротлар бир олам: илиқ, самимий кутиб олишди. Бунинг учун миннатдормиз. «Насаф» ҳақида етарли маълумотларга эгамиз. Ўзбекистондаги энг яхши инфратузилмага эга бўлган клубдаги қулайликларни кўриб ҳавасимиз келди. Замонавий стадион, ундаги барча шарт-шароитларга гап йўқ. «Насаф»нинг зафарли юриши бу йил ҳам дадил давом этишига тилакдошмиз. Осиёда ўз ном ва нуфузига эга ушбу жамоа ОЧЛ ўйинларида ҳам бир неча йиллардан буён фаол иштирок этиб келмоқда. 2011 йилда ОФК кубоги соҳиби бўлганлигини эшитиб, хурсанд бўлганмиз.

- Адашмасам, сиз собиқ иттифоқ чемпионати кезлари «Помир»да ўйнагансиз?

- Худди шундай. 1990-92 йиллар оралиғида «Помир» жамоаси аъзоси бўлганман. Мен олдинги давр билан ҳозирги кунни таққослашни ҳоҳламайман. Сабаби, ҳар бир замоннинг ўзига хос талаб ва истаклари бўлади. У вақтларда грузин, арман сингари футбол жамоалари бўлган. Ўйинлар ҳам собиқ иттифоқнинг шаҳарларида ўтганлиги худди кечагидек ёдимда. Мустақиллик туфайли ҳар бир Республика ўзининг лига, кубок ўйинларига эга бўлди. Биз ҳам ўз мамлакатимиз чемпионатида 11 йилдан буён иштирок этаяпмиз 9 марта мамлакатимиз кубоги, 11 марта суперлига ғолиби, 6 марта Тожикистон футбол федирацияси кубоги соҳиби бўлганмиз. Жамоамиз 2007 йилнинг ноябрида ташкил этилган. 2008 йилда Қаноат Латипов бошчилигида иккинчи лиганинг Душанбе гуруҳида қатнашиб, чемпионатнинг 30 ўйинида ғалаба қозондик ва Тожикистон лигасига йўл олдик. 2009 йилда янги бош мураббий Салоҳиддин Ғофуров бошчилигида Тожикистон лигаси дебютида жамоамиз 4-ўринни эгаллади. Унда тажрибали футболчилар ва асосан 17 ёшгача бўлган ёшлар бор эди. Улар 2006 йилги Осиё U-17 чемпионатида бронза медалини қўлга киритишган. 2007 йилда ФИФА U-17 жаҳон чемпионатида иштирок этган. Анъанавий қиш-баҳор турнирида иккита совринга эга бўлганмиз. Тожикистон кубоги учун «Истиқлол» Тожикистон кубогида «Равшан Кулоб» жамоаси устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган.

- «Истиқлол» икки марта ОФК кубоги учун баҳсларда финалгача бўлган йўлни босиб ўтди. Бу ютуқ ҳам ўз-ўзидан бўлмаган, албатта...

- Жамоамиз Осиё майдонларида ҳам ўзини кўрсатгани рост. 2015 йили «Жохор Дарул Таъзим» (Малайзия) жамоаси билан ОФК кубоги учун ҳал қилувчи баҳсда 0:1 ҳисобида имкониятни бой бердик. 2017 йил 18 октябрь куни «Истиқлол» «Бенгалару» жамоаси билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Минтақалараро плей-офф финалининг жавоб учрашувида уч мавсумда иккинчи марта ОФК кубоги финалига чиқди. 2017 йилнинг 4 ноябрида жамоамиз «Ал-Қува Ал-Жавия»дан 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Шундан сўнг Муҳсин Муҳаммадиев бош мураббийликдан озод этилиб, унинг ўрнига Алишер Тўхтаев тайинланди.

- «Истиқлол» ОЧЛдаги юришида ҳам ижобий натижа қайд этганлигидан хабардормиз.

- Ҳақиқатдан ҳам ОЧЛдаги дебютимиз ёмон чиқмаган. 2020 йилнинг 21 январь куни Тошкентда «Локомотив»ни 1:0 ҳисобида доғда қолдириб, ижобий натижага эришдик. Бош мураббий Мубин Эргашев ОЧЛда 2та ўйинни бошқарган бўлса, 2020 йил 17 февраль куни украиналик Виталий Левченко жамоа бошқарувини ўз қўлига олди. «Истиқлол» ОЧЛ гуруҳ босқичида «Ал-Ҳилол», «Шабаб Ал-Аҳли», ОКМКни ўз ичига олган гуруҳ босқичида 1-ўринни эгаллади.

- Айни пайтда «Истиқлол» Тожикистоннинг етакчи жамоаси. Суперлигадаги натижалардан қониқиш ҳосил қилаяпсизларми?

- Биринчи даврани пешқадам сифатида якунладик. 10та жамоа ўртасида 13 ўйиндан сўнг 29 очко тўпладик. 2-ўринда бораётган «Кўктош» 14 ўйиндан сўнг 25 очкога эга. Ишимизнинг бориши ёмон эмас. Иккинчи давра олдидан нафақат ички чемпионат, қолаверса, Марказий Осиёнинг номдор жамоалари билан халқаро ўртоқлик учрашувларини ўтказаяпмиз. «Насаф» билан ўйинимиз биринчи бўлимда ёмон чиқмади. 2-таймда майдон эгаларининг 70-рақамдаги грузиялик легеонери Жаба Жигауре 53 ва 64-дақиқаларида дарвозамизга 2та тўп киритиб, ўз жамоасини олдинга олиб чиқди. Ҳимоячиларимиз хатоси ва ўйинчиларимизнинг жисмонан толиқиши панд берди. Айниқса, менга «Насаф»даги 70-рақамли Жаба Жигауре ва 77-рақамдаги Ойбек Бозоровнинг ўйинлари илиқ таассурот қолдирди.

- Наҳотки, биринчи даврани кўтаринки руҳда ўтказган «Истиқлол»да жисмонан толиқиш бўлса?

- Жамоамизда анча ўзгаришлар бўлаяпти. Янгидан 6 нафар лигеонерни қабул қилганмиз. Ҳали улар тайёр эмас. Бу футболчилар энди жамоа билан, ўйин услуби билан танишув жараёнида. Шундан келиб чиқиб, таркибни тўла шакллантириш жараёнидамиз.

- Жамоа Тожикистон чемпиони сифатида ОЧЛ ўйинларида иштирок этади. «Насаф» билан бир гуруҳда бўлиб қолишларингиз ҳам мумкин...

- Қўшнилар билан яшил майдонда тез-тез кўришиб турсак, бунинг нимаси ёмон? «Насаф»дан ҳам ўрганадиган жиҳатлар кўп. Биз ҳам қайсидир маънода ўз услубимизга эгамиз. Душанбеда ёзда ҳам об-ҳаво футболга мос бўлади, Қаршида эса иссиқ ҳавода ўйнадик. Бу ҳам Осиё майдонларида асқотиши табиий. Шуни алоҳида таъкидлардимки, ОЧЛ ўйинларида тамомила бошқача таркиб билан майдонга тушамиз. Ўзбекистон бўйлаб сафаримиз давом этади. 23 июль куни Тошкентда «Пахтакор» меҳмони бўламиз (бу ўйинда «Истиқлол» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди - PS). Июль ойи охирида Тожикис­тон кубоги ўйинлари бошланади. 1|8 финалда ЦСКА жамоаси билан куч синашамиз. 4 августда Суперлига доирасида «Кўктош» жамоаси билан тўқнаш келамиз. Тожик-ўзбек биродарлиги қадимий тарихга эга. Фурсатдан фойдаланиб «Насаф» жамоасига мавсумда омад тилайман. Клуб ривожланишда юксак чўққиларни забт этсин. Мухлисларга ҳам эзгу истакларимни изҳор этаман. Ҳамкорлигимиз тожик-ўзбек футболининг равнақига хизмат қилсин.

Ҳусан ТЕМИРОВ суҳбатлашди

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 16:01, 06.08.2023.
Ўқилди: 1654 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.