Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Бразилиянинг бўлажак «тўққизлиги»

Баҳо:
+ | -

Ўтган ҳафтада бўлиб ўтган Бразилия чемпионати доирасидаги «Атлетико Паранаенсе» - «Палмейрас» учрашуви ниҳоясида 2 нафар ёш иқтидорлар - Витор Роке ва Эндрик ўзаро қучоқлашиб, футболкаларини алиштирдилар.

 Бир қарашда, бу - икки футболчининг бир-бирига ҳурмати ёки гол уришгани учун узр сўраш белгисидир. Бироқ унда нечоғли чуқур маъно яширин эканлигини қуйидаги материал орқали билиб оласиз. Албатта, бу икки ҳужумчининг йўллари ўз юртларида кўп кесишади. Лекин яқин келажакда уларни Испаниядаги буюк қарама-қаршилик - класико кутмоқда.

Каталония орзуси

Эндрикни келаси йил ёзида Мадридда кўрамиз - балоғат ёшига етиб, «Реал» сафидан жой олади. Роке ҳозирнинг ўзида «Камп-Ноу»га йўл олиши мумкин. Бироқ молиявий муаммолар туфайли келишув амалга ошгани йўқ. «Барса» Арда Гюлерни ҳам 1 йилга «Фенербахче»да қолишини истаган, якунда ёш иқтидор уни қабул қилишга шай турган «Реал» таклифига розилик билдирганди.

Каталония гранди бу гал ҳам МФП қоидаларига риоя қилишда қийинчиликка дуч келди. Биринчидан, клуб вакиллари белгилаб қўйилган тўлов қийматини 35 млн.дан 30 млн.га туширишга уринишди ва бунга эришдилар. Иккинчидан, ҳужжатларни расмийлаштириш узоққа чўзилиб кетганидан норози бўлган «Атлетико» агар Испания чемпиони чаққонроқ ҳаракат қилмаса, бошқа клублар - «МЮ», «Челси» ва «ПСЖ» таклифларини кўриб чиқишини билдирди.

Бироқ Роке бошқа харидорлар 3 баравар кўпроқ маош таклиф қилганларига қарамасдан, фақат «Барса»да ўйнаш орзусида эди. Кўпинча бундай вазиятларда агентлар кўпроқ манфаатга эга бўлиш учун ўз ўйинларини бошлашади. Лекин Роке трансферида бундай ҳолат кузатилмади. Гап шундаки, футболчи манфаатларини ҳимоя қилаётган Андре Кюри бир пайтлар «Барса»нинг скаути бўлган ва 2019 йилда Эрик Абидални олиб келганди. Қисқаси, Каталонияга келиш умумий истак эди. Бундан ташқари, айнан шу жамоада ҳужумчи шиддатли тараққиётга эришиши ва «Олтин тўп»га даъвогарлик қилиши мумкинлигига Роке ҳам, агенти ҳам амин бўлишганди. Ҳа, Рокенинг нуфузли соврин даъвогарлари рўйхатидан жой олгани унинг баҳоси 10 млн.дан 31 млн. еврога кўтарилишига сабаб бўлди. «Барса» учун бу ҳужумчи - клуб келажаги, «6+1» кўринишидаги контракт ва 1 млрд. евролик товон пули (Педри ва Гавиники каби) шундан далолат беради.

Ягона мавҳумлик - Рокенинг «Барса»даги дебюти 2024 йилда бўлади. Аниқ санаси эса клубнинг МФП қоидаларига риоя қилишига боғлиқ. Ҳозирча клуб Ферран Торрес ва Кессьега харидор топа олмади ва Рокенинг кўчиб ўтишини кечиктирди. Ҳужумчи «Камп-Ноу»га янги йил январида ёки 1 йилдан кейин келади.

Оила билан  ҳамкорлик

Каталонияликлар Роке ортидан кўп югуришди. Уни Кюри ва Декулар тавсия этишганидан кейин клуб скаутлари бир неча марта Бразилияга бориб келишди. Лапорта ва Хавининг розиликларидан кейин мулоҳаза билан иш юритиш бошланди. Рокенинг терма жамоадаги дебютидан кейин, агент унинг отаси билан Париж ва Англияда бўлишди, сафар Барселонада якунланди.

Жювенал Феррейруни ҳамма нарса - «Камп-Ноу», «Барса» музейи, Каталония иқлими ўзига мафтун этди. Ва албатта, клуб директори Матеу Алеманининг қабули. У меҳмонларни Рокенинг ривожланиш лойиҳаси билан таништирди. Терма жамоанинг бўлажак «тўққизлиги» эса буюк ватандошлари бўлмиш Роналдо, Ривалдо, Роналдиньо, Ромарио ва «кумир»и Неймарлар изидан бориш вазифасини мамнуният билан қабул қилди. Сешанба куни имзоланган шартнома хусусида Лапорта қуйидагича фикр билдирди: «Рокенинг ўз услуби бор, уни Роналдо ва Ромариоларга қиёслашнинг ҳожати йўқ».

Шу йил Роке билан U20 терма жамоасини Америка Кубоги соҳибига айлантирган Рамон Менезес ҳам турнирда 6та гол билан энг яхши тўпурар унвонига эришган шогирдига ижобий баҳо берди: «У қанотларда ҳам самарали тўп сура олишини амалда исботлаган. Бироқ «Атлетико Паранаенсе»да Роке марказда ўйнайди. Ўйлашимча, ҳозир у учун энг яхши позиция. Витор ўта кучли ва ақлли ўйинчи. Ёш бўлишига қарамасдан, ўйинни яхши ҳис этади, у «Барса»да талаб даражасида тўп сура олишига аминман».

Жиддий Тигриньо

Хуллас, ҳужумчининг «Барса»га ўтиши ортиқча муаммоларсиз ҳал бўлди. Ваҳоланки, 14 ёшли пайтида унинг «Америка Минейро»дан «Крузейро»га ўтишида қоидага зид ҳаракатлар кузатилган, ёш ўсмирни тўғридан-тўғри харид қилишнинг иложи бўлмагач, келишувга унинг отаси имзо чекканди. Ниҳоят, барча ташвишлар ортда қолгач, 16 ёшли ҳужумчи мўътабар Вандерлей Лушембурго раҳбарлигида асосий жамоадаги дебют голини нишонлади ва Роналдо изидан бораётганлиги, айнан Феномен клубида тўп сураётганидан мамнун эканлигини изҳор этди. Боз устига, ўсмир ҳайратомуз йўлни босиб ўтди. Одатда, футболчилар ҳатто мактабларда ҳам ёш ўтиши билан олдинги чизиқдан марказга ёки ҳимоя чизиғига тушиб қоладилар. Фаолиятини таянч ярим ҳимоячиси позициясида бошлаган Роке эса шу қадар шиддатли парвозни намойиш этдики, у ва оиласи ҳақида яратилган сериалда Тигриньо (Йўлбарсча) лақабини олди. Ўз вақтида ҳаваскорлар футболида тўп сурган отасини мухлислар Йўлбарс деб чақиришарди.

Болалик пайтидаёқ «йўлбарсча» ўйинни тушуниш бобида тенгдошларидан илгарилаб кетганди. Шунингдек, ўта жиддий ва масъулиятни ҳис этадиган болакай эди. Шу сабабли мураббийлар уни катталар гуруҳига йўллашарди. Роке ўзининг меҳнатлари самарасидан баҳраманд бўлаётган Роналдудан ибрат олади. Бутун эътиборини футболга қаратиш мақсадида у ижтимоий тармоқлардан тамоман воз кечди.

«Роке болалик даврида ҳам машғулотлар ёки ўйин кунлари арафасида барвақт уйқуга ётар, ўртоқларининг туғилган кунларидаги ўтиришларни тезда тарк этарди», - дейди футболчининг онаси Эрсилия Роке Феррейра. Бразилия чемпионатида юлдуз мақомига кўтарилганида ҳам Витор билим олишни тўхтатмади. Аксинча, фақат футболга боғлиқ бўлиб қолмаслик учун ўқишни давом эттирди. Футболчилик сирларини эса Луиз Фелипе Сколари каби буюк мураббийлардан ўрганди. У билан «Атлетико» ўтган мавсумда сенсацион ўйин кўрсатиб, Либертадорес Кубогида финалгача етиб борди, Витор эса 17 ёшлиларнинг рамзий терма жамоасидан жой олди. Бундай муваффақиятга эришиш ундан аввал фақат Серхио Агуэрога насиб этганди.

Фаолиятининг турли босқичларида ноёб иқтидор соҳиби ўз ватандошларини ўйлантириб қўйди: «Бу йигитчанинг имкониятлар чегараси қаерда?»

Бу саволга фақат «Барселона» жавоб бера олади. Ҳозирча, ҳамма бахтиёр. Жумладан, каталонияликлар билан келишувни имзолаганидан кейин Роке унинг қўли ва қалбини сўраган, у эса «Ҳа» дея жавоб берган суюкли маъшуқаси ҳам!

АБДУРАҲМОНХЎЖА тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 17:28, 06.08.2023.
Ўқилди: 2620 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.