Жанубий Кореянинг “Ульсан Хёндэ” клуби 2012 йилги Осиё Чемпионлар лигаси ғолиби бўлди.
10 ноябрь куни “Ульсан Мунсу Кап” стадионида қитъамизнинг клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақаси – Осиё Чемпионлар лигасининг ҳал қилувчи учрашуви бўлиб ўтди. “Бунёдкор”нинг ярим финалдаги рақиби “Ульсан Хёндэ” Саудия Арабистонининг “Ал-Аҳли” жамоаси дарвозасига учта жавобсиз тўп киритиб, ғолибликни қўлга киритди. Энди корейслар Осиёнинг энг кучли клуби сифатида декабрь ойида бўлиб ўтадиган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этишади.
“Бунёдкор” ФК 2012 йилги ОФК Чемпионлар лигаси ғолиби “Ульсан Хёндэ”га мактуб йўллаб, клубни ҳақли ғолиблик билан муборакбод этди. Мактубда шундай дейилади:
“Ульсан Хёндэ” жамоаси мусобақа давомида юқори савияли ўйин кўрсатиб, ажойиб натижа қайд этди. Гуруҳ босқичи доирасида тўртта ғалаба ва иккита дуранг ўйнадинглар, бироқ Сизларни мағлубиятга учратиш ҳеч кимга насиб этмади. Плей-офф босқичида эса ундан-да юқори натижа қайд этилди – барча учрашувларда Осиёнинг кучли жамоалари устидан ғалабалар қозонилди.
“Бунёдкор” ярим финал учрашувларида “Ульсан Хёндэ”нинг юқори савияли жамоа эканлигига гувоҳ бўлди. Биз энди амалдаги чемпиондан енгилдик деган фикрни айтсак бўлади!
Ўйлаймизки, энди Сизлар ФИФАнинг клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам муваффақиятли иштирок этиб, Осиё шарафини муносиб ҳимоя қиласизлар.
“Бунёдкор” ФК жамоангизнинг навбатдаги ўйинларида улкан муваффақиятлар тилайди ва “Ульсан Хёндэ” билан яна яшил майдонда учрашишни кутиб қолади.