Роналду Европа футболида абадий ўчмас из қолдира олган футболчи саналади. Аммо у 2003 йилда "Манчестер Юнайтед"га ўтмаганида, ҳаммаси бошқача бўлиши ҳам мумкин эди. Ўшанда ёш Роналдуга даъвогарлар кўп эди. Аммо якунда 12 миллион фунт эвазига "МЮ" уни харид қилади. Қуйида португалиялик афсона учун яна кимлар курашганини билиб оласиз.
"Ювентус"
Роналду 2018 йилда барибир Турин клубига йўл олади. Бироқ, бу воқеа 15 йил олдин рўй бериши ҳам мумкин эди. Бу ҳақида италиялик футбол агенти Алессандро Могги шундай дейди: "2003 йилда Мендеш ўз мижози учун харидор излайди. Ўшанда Роналду 18 ёш бола эди. У "Спортинг"дан Италияга келиши мумкин эди. Аввалига Роналдуга "Парма" ва "Лацио"га ўтишни таклиф этгандик. Аммо у рад этди. Мендеш "Ювентус" танловини қилгач, Роналду ҳам рози бўлади. Мен ишни битириш учун Лиссабонга учдим. Тушгача етиб бордик. Аммо куннинг иккинчи ярмида Роналду "МЮ" футболчисига айланган экан".
"Ливерпуль"
Агарда "Ливерпуль" Роналдуни "МЮ"дан олдин сотиб олганида, инглиз футболи бошқачароқ ўзгаришларга юз тутган бўларди. Ўша даврда Роналдуни сотиб олишга ҳаракат қилган "Ливерпуль" мутахассиси Фил Томпсон шундай дейди: "Ҳаммасини яхши эслайман. Биз келишувга эришгандик. 4 миллион фунтлик битим ҳар йили 1 миллиондан тўланиши керак эди. Роналду агенти биздан йилига 1 миллион фунтлик маош сўраван ва биз бунга рози бўлганмиз. Аммо ҳаммаси жуда тез ўзгарди. Стивен Жеррард билан тамадди қилиб ўтирганимизда "Sky Sports" каналида Роналдунинг 12.2 миллион эвазига "МЮ"га ўтганини кўриб ҳайрон бўлиб қолган эдик. Шунда Жеррард ўрнидан сакраб туриб, "у бунга қандай ҳадди сиғди?" деб бақира кетганди".
"Арсенал"
Арсен Венгер ўз мураббийлик фаолиятида қилган энг катта хатоларидан бири сифатида 2003 йилда Роналдуни сотиб олмаганини айтади. Ўша пайтлар "Арсенал" ва "МЮ" АПЛнинг энг кучли жамоалари эди. Венгер шундай деган: "Биз буни қўлимиздан келишига ишонардик. Негаки, биз Роналдуга ҳаракатни "МЮ"дан анча олдин бошлаганмиз. Улар биздан 5-6 кун кейин келади. Бизда Анри бор эди. Агарда Роналдуни ҳам олганимизда улар ажойиб жуфтлик бўлган бўларди. Афсуски, ундай бўлмади. Келишувга жуда-жуда яқин эдик".
"Эвертон"
Ёш Уэйн Руни ва Криштиану Роналдуни "Гудисон Парк"даги тандемини кўриш ажойиб иш бўлган бўларди. Манбаларга кўра, 2002 йилда Роналду "Эвертон"га 2 миллион фужт эвазига таклиф этилади. Аммо Ливерпуль клуби бу ишни амалга оширмайди. Унинг ўрнига, "Эвертон" 35 ёшли Давид Жинолани сотиб олади ва хато қилади.
"Барселона"
Роналдунинг бундай йўналиш олиши эпик бўларди. Жоан Лапорта "Спортинг" билан уни "Барса"га келтириш борасида музокаралар олиб борган. У шундай дейди: "Биз Роналдиньо, Рафаэль Маркес ва Рикарду Куарежмани сотиб олгандик. Таркибни янгилаётгандик. Шу сабабли "Спортинг" билан Роналду борасида боғландик. Аммо футболчининг агенти бизга Декони таклиф этади. Биз эса ҳар икки футболчи учун сўралаётган пулни тўлай олмаслигимизни билдирдик. Негаки, улар катта сумма талаб қилди".
ИСМАТОВ Ж.