Роберт Левандовский бугун 35га кирди. «Барселона» ҳужумчисининг охирги пайт кўрсатаётган ўйини ҳақида Marca нашри хавотирланиб ёзди: “Робертда ҳар томонлама пастлаш!”
Ҳа, икки ўйинда бу гаплар ростлигини кўрдик. Польшалик голеадор оддий вазиятларда ҳам оқсамоқда, ортга кўп қайтмоқда ва рақиб учун деярли хавф туғдирмай қўйди.
Бунга бир неча сабаблар бор:
1. Хави жамоасининг асосини ёшлар ташкил этади. Рақобат авжида. 2003 йилда туғилган футболчи 16 ёшлик укасининг олдида ўта тажрибали фигура. Марказдаги Педри-Гави жуфтлиги жамоа тизимини белгилаб беради. Лева буларнинг олдида “қария”, “отахон”... Унга ҳужум чизиғида росмана рақобатчи ҳам йўқ. Футболчида бунақа пайт мотивация бир ёқларга қочиб кетади.
2. Хави жамоаси уч йилнинг ичида учинчи марта қайта тузиляпти. Тактик ёндошувлар бошида келган давридан ўзгариб кетди. Иккинчи мавсумни ўтказаётган ҳужумчига бу жиҳат ҳам таъсир ўтказади.
3. “Барселона” – ярим ҳимоячилар ортиғи билан тўпланиб қолган жамоа. Ярим ҳимояда хавбекларнинг керагидан ошиб кетгани етмаганидек, марказий ҳимояга ҳам ярим ҳимоячи қўйиляпти. Марк Андре ҳам табиатан “ярим ҳимоячироқ” посбон. Хави футболчилик пайти ўйнаган позициясига ўта қаттиқ эътибор қаратганидан “Барса”нинг ўйин услуби эски Испания термасига монанд бўлиб қолди. Роберт ҳам бу жамоада ўзгаришим керак деб кечаги ўйинда ўз ўрнидан кўра ортда кўп ҳаракат қилди, “яримҳимоялашди”. Унга ҳаводан тўп узатиляпти, ўзи эса ўнлик ўйнайдиган жойда юрибди. Қизиқ кўринди.
4. Ла лига жамоаларининг “Барса”га қарши ўйин услуби. Левандвский “Бавария”даги монстрлик пайтлари биринчидан, ёш эди, иккинчидан, бундеслига жамоалари лидерларга қарши ҳам ҳимоявий автобус қўйиб ўйнамайди. Ҳужумчи учун эса бу айни муддао. Ла лигада каталонияликлар 70 фоиз икки қават ҳимояланадиган клубларга қарши ўйнайди. Лигалар ўртасидаги тафовут ҳам полякнинг ўйин услубига салбий таъсир ўтказмоқда. Бўлибам, у ҳар йили бир ёшга қарияпти.
Бундан бошқа майда деталлар ҳам борки, Левандовскийнинг баъзи сифатларини йўққа чиқармоқда. Шундай бўлса-да, биз унга омад тилаб қоламиз. Саудияга йўл олмаган саноқли мегаюлдузлар қаторида экани ва Чемпионлар Лигасидаги мотивациясининг ҳисобига ҳужумчидан эски даврлардаги эффектини кутиб қоламиз.
Хайрулла Ҳамидов.