"Бухоро" клуби собиқ футболчиси Роман Романчук "Насаф"га қарши ўйинда бухороликларга омад тилади.
Ушбу футболчи ўтган мавсумда клубнинг фойдали ўйинчиларидан бири бўлганди. Романчук ҳозир Украина Биринчи дивизионининг "Сталь" жамоасида ўйнамоқда ва клуб мусобақа жадвалида 2-ўринда бормоқда.
"Бухорони ва клуб мухлисларини соғиндим. Ишқибозларнинг қўллаб-қувватлаши таъсирида "Бухоро" кундан-кунга натижаларни яхшилаб бормоқда. Йигитларга қойил. Улар биринчи даврани сўнгги ўринда якунлаб, чемпионат сўнгида эса 7-ўринга кўтарилишди. Чемпионат оғир ўтганини биламан. Кубокда эса барчаси ҳали олдинда. Жамоа ўз уйида, мухлислари қаршисида ўйнайди. Бу эса жуда катта аҳамиятга эга. Иккита гол фарқини бемалол йўққа чиқариш мумкин. Сизларга мухлислик қиламан. Собиқ жамоадошларимга соғлик, яхши ўйин ва ижобий натижа тилайман. Мухлислар эса ҳар қандай натижада ҳам жамоани қўллаб-қувватлаб туришсин. Бу жамоага 100 фоиз фойда келтиради. Жамоа мухлислар учун ўйнайди. Барчага омад!", деди Романчук.