ЎФФ президенти ОФКнинг Ички аудит қўмитаси йиғилишида иштирок этиш учун Куала-Лумпурга ташриф буюрганидан хабарингиз бор. Футболимизнинг раҳбарининг Малайзиядаги тадбирлардаги иштироки ва олиб бораётган музокаралари борасида ЎФФ расмий Твиттери хабар бермоқда.
Мазкур имкониятдан фойдаланиб, Мираброр Усмонов ОФК қароргоҳида меҳмон бўлиб турган бир нечта ОФКга аъзо мамлакатлар футбол федерациялари раҳбарлари билан учрашди. Учрашувлар чоғида Япония, Хитой, Қатар, БАА, Корея, Эрон каби мамлакатлар футбол федерациялари раҳбарлари Ўзбекистондаги футбол ривожини алоҳида таъкидлашди.
Шунингдек, ЎФФ президенти М.Усмонов ОФК президенти вазифасини вақтинчалик бажарувчи Чжанг Цзилонг билан ҳам учрашди. Учрашув давомида томонлар турли масалаларда фикр алмашишди. Жумладан, Усмонов Ўзбекистон Осиё чемпионлар лигасида худди ўтган йилгидек 3+1 квоталарига лойиқ эканини лоға сурди. Ушбу масалани ЎФФ Президенти шунингдек, ОФК вице президенти, Мусобақалар қўмитаси раиси БААлик Юсуф ал Серкал билан ҳам муҳокама қилди. Ушбу масалани ҳал қилиш мақсадида Усмонов 27 ноябрнинг ўзида ОФК Бош котиби Алекс Сусэй, ОФК Ижроқўм вакили Фернандо Манилал билан ҳам учрашди. ЎФФ президентининг Куала-Лумпурдаги куни мана шундай фаол тарзда ўтди. Бугун ОФКнинг Мусобақаларни ўтказиш бўлими бир қанча масалалар кўриб чиқилмоқда. Жумладан, ОЧЛ квоталари маласи ҳам кун тартибидан жой олган.
ЎФФ Президенти Мираброр Усмонов 28 ноябрь куни ОФКнинг Ички аудит қўмитасининг йил якунларига бағишланган мажлисида иштирок этади. 29 ноябрь куни Куала Лумпур шаҳри марказидаги "Мандарин Ориентал" меҳмонхонасида гала оқшомида кўринишида ўтадиган йил лауреатларини тақдирлаш маросимида иштирок этадиган Мираброр Усмонов, 30 ноябрь куни Тошкентга қайтиб келади.