Гринвуд еттита АПЛнинг собиқ юлдузлари билан бир жамоада ҳаракат қилиши мумкин. Бунинг учун у "Бешиктош" сафига ўтиши керак бўлади. Туркия клуби "МЮ"дан ҳайдалган ҳужумчига жиддий қизиқиш билдираётгани айтилган. Аслини олганда, "қизил иблислар" Гринвудни жамоага қайтармоқчи эди. Бироқ, кенг жамоатчилик босими остида бу иш амалга ошмади. Шунингдек, 21 ёшли футболчига ўзга АПЛ гигантларидан ҳам қизиқишлар бўлган. Афсуски, улар ҳам мухлислар тазйиқидан қочиб, Гринвуд вариантидан воз кечди.
Агарда Гринвуд "Бешиктош"га ўтишга розилик берса, у бир нечта собиқ АПЛ юлдузлари орасига киради. Улар ичида энг машҳури ва янгиси "Арсенал" ва "Ливерпул"да ўйнаган Алекс Окслейд-Чеймберлендир. Ярим ҳимоячи август аввалида эркин агент сифатида "Бешиктош" билан уч йиллик битимга имзо чекканди. Шунингдек, бу жамоада Даниел Амарти ҳам фаолият юритади. Собиқ "Лестер Сити" юлдузи шу йил аввалида АПЛни тарк этганди. У 2016 йилдан бери 145 та ўйинда "Лестер" шарафини ҳимоя қилган. Қолаверса, истанбулликлар сафида яна бир "тулкилар" юлдузи Рашид Геззаль мавжуд. У 2022 йилда "Лестер"дан кетиб, "Бешиктош" билан битим тузган.
"Вест Хэм Юнайтед"нинг собиқ футболчиси Артур Масуаку ҳам ҳозир Туркияда. У ўтган мавсумда "Бешиктош"га ижарага берилганди. Ҳозир у доимий битимга эга. Масуаку "болғачилар" учун ўтмишда 128 марта майдонга туширилган. 29 ёшли ҳимоячи ишончли вакиллардан бирига айланди.
"Эвертон" ва "Кристал Пэлас"даги фаолияти билан танилган Женк Тосун ҳам "Бешиктош" аъзоси саналади. Ҳужумчи тўрт йил давомида АПЛда фаолият юритди ва яна эски жамоасига қайтди. Туркия терма жамоаси аъзоси 4 мавсумда 10 та гол урган бўлса, ўтган йили у "Бешиктош" сафида 18 та голга муаллифлик қилганди. Шунингдек, Гринвуд яна иккита собиқ АПЛ юлдузини кўриши мумкин. Улар "Норвич" вакили Милот Рашица ҳамда "Тоттенхэм"нинг собиқ вакили Жедсон Фернандешдир. Улар икки йил давомида жамоаларида муваффақиятсизликка учраб, охири Туркияга келишга мажбур бўлганлардан.
ИСМАТОВ Ж.