Гренландия. Сайёрамиздаги энг йирик орол.
У Шимолий Американинг шимоли-шарқий йўналишида, Шимолий Муз океани, Лабрадор ва Баффин денгизлари оралиғида жойлашган. Маҳаллий гренландлар тилида Калаллит Нунаат деб аталадиган диёр «яшил ер» маъносини англатади. Мазкур ном Гренландиянинг 81 фоиз ҳудуди музликка айланган ҳозирги даврга мутлақо мос келмайди. Бироқ олис ўтмишда бу ҳудуд ям-яшил ўсимликлар билан қопланган ва уни кашф этган скандинавиялик денгиз сайёҳи Эрик Рижий унга шундай ном берганди.
Ана шу абадий музликлар оралиғига ҳам футбол етиб борган. Тўғри, у ерда фақат саноқли кунларда тўп суриш мумкин. Шу сабабли, Гренландия чемпионати бор-йўғи 1 ҳафта ичида бўлиб ўтади. Тақвим ҳам ўта тиғиз - бу йил 5 кун ичида 5та учрашув ўтказилади. Гренландияда текис ер йўқ, ўсимликлар ҳам йўқ ҳисобида. Бундан ташқари, йилнинг 9 ойи давомида футбол ўйнашнинг имкони йўқ. Чунки майдонлар 2 метрга яқин қалинликдаги қор остида бўлади. Яна бир муаммо - аҳоли пунктларининг бир-биридан жуда йироқ жойлашгани ва олдиндан билиб бўлмайдиган об-ҳаво шароити. Мазкур ноқулайликлар ҳатто ёз фаслида ҳам Гренландияга сафар уюштириш имкониятига монелик қилади. Шунга қарамасдан, миллионлар ўйини оролда мавжуд. Боз устига, тобора ривожланиб бормоқда: ҳозирда Гренландия аҳолисининг 10 фоизи футбол ўйнайди.
2016 йилга қадар футболчилар тошлоқ ва қумлоқ майдонларда тўп суришган, йиқилиш оғриқли, учаётган қум уюмлари қўшимча қийинчиликлар туғдирарди. Кейинчалик ўйинчиларга сал бўлсада ёрдам берадиган воситани ўйлаб топишди , учрашув арафасида майдонларга сув сепадиган бўлишди. Шу тариқа футболчилар тўпни назорат қилиш имкониятига эга бўлишди. Дарвозабонлар эса янада мураккаброқ вазиятда эдилар: ўйин пайтида жароҳат ва шикастланишлар камроқ бўлиши учун, майдонга улар бир неча қават либослар билан тушадилар.
2010 йилда ФИФА президенти Зепп Блаттер Какорток шаҳрида Гренландиядаги дастлабки сунъий қопламали майдон қуриш лойиҳасини тасдиқлаганди. 2021 йилга қадар яна 6та тўлиқ ўлчамдаги сунъий майдонларни бунёд этиш режалаштирилганди, ҳозир уларнинг сони 12тага етган. Дания ФА президенти Йеспер Мёллернинг таъбири билан айтганда, «бу улкан муваффақият».
Стадионларда трибуналар йўқ - мухлислар қояларга жойлашиб, нафақат футбол, балки улкан айсберглар, уммон ва унда сакраб турадиган китларни ҳам мириқиб томоша қиладилар. Нақадар гўзал, мафтункор манзара, тўғрими.
Кийиниш хоналари - ёғоч кулба ёки усти брезент билан ёпилган чодирлар. Шу йил захирадаги ўйинчилар учун махсус ёғоч ўриндиқлар тайёрланди. Футбол мавсуми атиги бир ҳафта бўлади - июль ойида аввал регионал босқичда финал босқичида қатнашадиган 6та энг яхши жамоа аниқлаб олинади. Жорий йил мавсуми 10-15 август оралиғида бўлиб ўтди. Аввалига дастлабки 4 кун ичида жамоалар (ҳар куни 3та учрашув) ўзаро куч синашдилар. Турнирнинг охирги кунида 5-6, 3-4 ва 1-2-ўринлар соҳиблари аниқланди.
Мусобақа Какорток шаҳрида ўтказилди. Шаҳарда 3000дан кўпроқ аҳоли истиқомат қилади. Очиғи, уларга омад кулиб боққан: мамлакатдаги бошқа бирорта ўзлаштирилган ҳудуд бу шаҳарчалик ўсимликларга эга эмас. Таажжубки, «Какорток» «оқ» маъносини беради.
Гренландияликлар учун футбол мавсуми - йилнинг асосий воқеаси. Турнирга улар паромда, вертолёт ёки итлар қўшилган араваларда етиб келадилар. Баъзан сафар учун бир неча кунни сарфлашади. Шаҳарга келган жамоалар пансионлар, мактаблар ва боғчаларга жойлашиб, полда ётадилар. Чемпионатни ёритишга маҳаллий ТВ ва радио тармоқлари жалб этилади. Шифохоналар кучайтирилган иш тартибига ўтади, гарчи уларга ортиқча эҳтиёж бўлмаса ҳам.
Жамоага аъзо бўлиш учун 70 евро бадал тўлаш талаб этилади. Август ойига қадар футболчилар залларда ўйнашади. Ҳозир оролда 39тага яқин клуб фаолият юритмоқда. Улар ўзвақтларини йилнинг бош турнирига тайёрланиш билан ўтказадилар. Гренландияда профессионал футболчилар йўқ, лекин бор куч,маҳоратларини ўйинга сарфлашади. Улар учун августдаги футбол ҳафтаси, ўзига хос ЖЧ. Чемион жамоанинг ҳар бир аъзоси мамлакат сопрт ассоциацияси томонидан медаль ва балиқ овлаш найзаси билан тақдирланади. Ҳар қайси жамоанинг махфий тайёргарлик кўриш услуби бор: кимдир соат 11гача ухлаш билан, бошқаси тюлень гўштини ейиш билан куч тўплашга интилади. Майдонда футболчилар ўзаро жанжаллашмайдилар, рақибларини ҳурмат қиладилар.
Гренландиянинг гранд жамоаси - В-67. Тўлиқ номи Boldklubben af 1967. Айнан 1967 йилда ташкил этилган клуб 13 карра чемпион. У ерда жамоалар номининг бош ҳарфи ва жорий этилган йилнинг охирги 2та рақами билан аташади. Жумладан, 12 марта ғолиб чиққан жамоа - N-48. Бу йилги турнирда В-67, Е-54, К-33, N-45, G-44, I-79 клублари иштирок этишди. Ўйинлар ўта сермаҳсул бўлди: I-79 - Е-54 - 14:1, В-67 - К-33 - 15:0 ҳисобларида ниҳоясига етди. Финалда В-67 G-44 билан куч синашиб, 5:0 ҳисобида зафар қучди ва 14-чемпионликни нишонлади.
Гренландиянинг орзуси - ЖЧда иштирок этиш
Оролликлар 1999 йилдан бери халқаро футбол орзусидалар: миллий терма жамоанинг ўша пайтдаги менежери ва ғарбий Германия терма жамоасининг собиқ аъзоси Зепп Пионтек УЕФАга аъзо бўлиш учун ариза берганлигини айтганди. Бироқ Дания ФА ўшанда расман мурожаат бўлганлигини тан олмаган. Гренландиянинг халқаро аренага чиқиш йўлида 2та тўсиқ мавжуд: унинг Дания қироллиги таркибида эканлиги ва ФИФА талабларига жавоб берадиган стадионларга эга эмаслиги. Тўғри, мамлакат пойтахти, Нуука шаҳридаги стадион 2016 йилда сунъий қоплама билан жиҳозланган ва ФИФАнинг 2та юлдузига сазовор бўлганди. Исландия терма жамоасининг Евро-2016 турниридаги ёрқин иштироки ва ЖЧ-2018да тўп сургани ороллиуларга илҳом бағишлади - уларда қачондир мундиал қатнашчиси бўлишга умид пайдо бўлди.
Ҳозирча Гренландия мустақил футбол ассоциациялари Конфедерацияси таркибида. Шимолий Кипр, Абхазия, Тибет, Гавайя ва бошқа терма жамоалар ҳам шу уюшма аъзолари. Гренландия УЕФАга ўтишга уриниб кўрганди, лекин Дания қандайдир сабабларга кўра қаршилик кўрсатмоқда. Исландия матбуотининг хабарларига кўра, оролликлар энди КОНКАКАФ таркибидан жой олиш ҳаракатини бошлаб юборишган - унга автоном ҳудудга эга мамлакатлар ўтишлари мумкин, бу вариантга Дания қаршилик қилмаслиги мумкин. Оролликлар терма жамоаси тўп суриши мумкин бўлган вариантлардан бири - Исландия. Бу борада томонлар келишиб олишган.
Гренландия терма жамоаси мутасаддилари ҳозир Данияда келиб чиқиши ороллик бўлган футболчиларни изламоқдалар. Мақсад - 2025 йилгача рисоладагидек жамоани шакллантириш. Айнан шу йилда гренландия КОНКАКАФ аъзолари сафидан жой олиши тахмин қилинмоқда.
МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади