Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Самвел Бабаян: «Эндиликда «Навбаҳор»ни бутун Осиё, ҳаттоки, дунё танимоқда»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон кубоги чорак финалидан ўрин олган “Навбаҳор” – “Сурхон” (2:0) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Самвел Бабаян иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди.

“Лочинлар” устози одатдагидек, ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.

– Ассалому алайкум! Барчани бугунги ғалаба билан табриклайман. Ўйин осон бўлмади. Боиси, бу Ўзбекистон кубогининг чорак финал баҳси. Йигитларга раҳмат, улар анча меҳнат қилишди. Менимча, натижа адолатли бўлди.

– Ўйиндан кейин майдоннинг бошқа тарафига йўл олганлигингиз мухлислар орасида турли тушунмовчиликларни келтириб чиқарди. Шу борада изоҳ берсангиз...
— Клуб қароргоҳидаги хонам майдонга яқин бўлганлиги боис, кийимларимни алмаштириб чиқдим. Бор гап шу холос. Миш-мишлар борасида тўхталадиган бўлсам, менинг “Навбаҳор” билан тузилган шартномам бор. Ушбу жамоада фаолият олиб бораётганлигимдан фахрланаман. Анча меҳнат қилиб, шу даражага етдик. Эндиликда “Навбаҳор”ни бутун Осиё,  ҳаттоки, дунё танимоқда. Шундай экан, нега энди клубдан кетишим керак? Ҳали амалга оширадиган ишларимиз кўп. Барча йўналишда ривожланишда давом этамиз.

Биз шундай ҳолатга тушдикки, бир ой-у уч кун ичида саккизта ўйинда майдонга тушишимизга тўғри келди. Бунақаси ўзбек футболида биринчи марта юз берди.Шунча йилдан бери ишлаб, бунақасини эслай олмайман.  Биз Қатарда ўйин ўтказганимиз боис, ПФЛдан тақвимни бизга бироз енгиллаштиришини сўрадик. Мен нолимоқчи эмасман. Бироқ, биз охирги ойлардаги ғалаба қозонолмаган ўйинларимизнинг барчасида, яъни чемпионат ўйинларида адолатсиз тарзда очко йўқотдик.

Масалан, Бекободдаги учрашувнинг 97-дақиқасида ўз дарвозамиздан тўп ўтказиб юбордик. Ўша ўйинда “Металлург” устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонаётгандик, аммо жуда кўп вазиятлардан фойдалана олмадик. Ҳакам футболчимизни ҳақорат қилди, дея майдондан четлатди. Аммо у сўкинмаганлигини айтди. Жиззахда ҳам омадсиз баҳс бўлди. Бугун ғалаба қозонмаганимизда, Жиззахдагидек ҳодиса рўй бериши мумкин эди.

Асосий рақобатчимиз бўлган  “Пахтакор”га қарши кечган ўйиннинг биринчи бўлимини бой бердик, иккинчи 45 дақиқаликда эса рақибдан устун келдик. Ўша баҳсда дуранг адолатли натижа бўларди.

ОКМК билан ўтказилган баҳснинг охирида эса гол уриш учун етарлича имкониятга эга бўлдик.

Хуллас, ҳеч қайси ўйинда чарчоқ ёки руҳий томондан мағлуб бўлмадик. Тўғриси, менга шундай шароитда ишлаш ёқади. Ирода, стратегия, характер кўрсатиш керак бундай вазиятларда.

Энди эса шунчаки статистика ҳақида гапирсам. “Пахтакор” ҳам шу давр мобайнида 8 та ўйин ўтказиб, уларнинг 3 тасида мағлубиятга учради ва битта дуранг қайд этди. Жамоамиз эса 8 та ўйиндан иккитасида ютқазиб, иккита ўйинда дуранг ўйнади. Нима демоқчи бўлаётганимни тушуняпсизлар-а? Биз бу вақт доирасида фақат чемпионатда очко йўқотдик. Асосий рақобатчимиз “Пахтакор” эса бу даврда Суперкубокни бой берди, Про Лига жамоасидан мағлуб бўлиб, кубок баҳсларидан чиқиб кетди.

Бундай тиғиз графикда жамоа ҳар қанақасига йўқотишларга учрайди. Руҳий ва жисмоний чарчоқ барибир ўз сўзини айтади. Кимга дардингни айтасан? Иложи йўқ. Пешқадам билан етти очколик фарқ бор, курашишда давом этамиз. Биз Ўзбекистон кубогининг ярим финалидамиз, ОЧЛ гуруҳ босқичида ўйнаймиз. Биз клуб, шаҳар ва мамлакат шарафини ОЧЛда ҳимоя қиламиз. Жамоа обрўсини халқаро даражага олиб чиқамиз. Шундай ҳолатда мен қанақасига “Навбаҳор”дан кетиш ҳақида ўйлашим мумкин? Ахир бундан фахрланиш керакку!

Бугунги кунда “Навбаҳор”ни 2-ўрин қониқтирмайди, чунки амбицияларимиз бор. Курашишда давом этамиз. Чунки таркибдан юқори савияли футболчилар ўрин олишган.

Энди босим ҳақида гапирсак. Ҳатто, терма жамоа футболчилари ҳам  ўзларини кўрсата олишмаяпти, сабаби, “Навбаҳор”да ўйнаш жуда қийин. Мен бу ерга инсонларни бахтли қилиш учун келганман. “Навбаҳор”да из қолдирмоқчиман, мақсадларга эришмоқчиман. Бу ерда янги тарих яратишни мақсад қилганман. Бу иш секин-аста амалга ошмоқда. Бу ерда иш бошламаган пайтимда “Навбаҳор” қандай ҳолатда эди? Клуб 10-ўринда эди ва Суперлигада “жон сақлаб қолиш” учун курашаётганди. Ҳозир эса “Навбаҳор” мамлакатдаги энг оммабоп клуб. Клуб раҳбарияти ҳам бизни қўллаб-қувватламоқда, жамоа ўсиши учун барча шароитларни яратмоқда. Атрофдаги бошқа персонажлар эса муҳим эмас. Мен учун бахт – бу бизнинг Қатардаги ўйинимизни Намангандаги стадионимизга 10 минг одам тўпланиб, мониторда томоша қилгани. Мана шу ҳақиқий бахт. Футбол очко йўқотишларсиз бўлмайди. Ким кам хато қилса, ўша ғалаба қозонади. Миллионлар ўйинида ҳамма нарса юз бериши мумкин. Мен Наманганда натижага эришиш ва инсонларни бахтли қилиш учун ишламоқдаман.

— Стандарт вазиятларда жуда кўп имкониятлар бўлди, аммо жамоа бу вазиятларни гол билан якунлай олмади. Балки, стандарт вазиятлар устида ишлаш керакдир?
— “Сурхон” бизга қарши умуман бошқача ўйин кўрсатмоқда. “Бунёдкор” билан бўлган баҳсда термизликлар ҳужумлар уюштиришмоқда ва рақиб футболчиси бирга бир вазиятга чиқмоқда. Бизга қарши эса ундай эмас.

Ҳар бир жамоа “Навбаҳор”га қарши бошқача концентрация билан майдонга чиқади. Бизда потенциал юқори. Чемпионатнинг охирги ўйинида 12 та бурчак тўпи, “Сўғдиёна”га қарши кечган баҳсда эса 13 та бурчак тўпи. Бироқ, биз булардан фойдалана олмаяпмиз. Жуда кўп вазиятларни кўкка совуряпмиз. Бунга руҳий босим ҳам ўз таъсирини ўтказди. Бугунги ўйинда ҳам биринчи бўлимдаёқ учрашув тақдирини ҳал қилишимиз мумкин эди. Икикнчи бўлимда ҳам кўплаб ҳужумлар уюштирдик. Яхшиям, 8 та ўйиндан иборат давр ортда қолди. Вазиятларни кўп яратяпмиз. Бироқ, тўп дарвозага кирмаяпти. Менимча, кейинги ўйинларда тўп дарвозага киришни бошласа керак.

– Бугунги баҳснинг 1-бўлимида “Навбаҳор” 2 нафар ҳужумчи билан ҳаракат қилди. Лекин 2-бўлимда бир нафар ҳужумчи билан ўйнади. Бу нима билан боғлиқ?
–  Тўғри, биз 2-бўлимда бир нафар ҳужумчимизни захира ўриндиғига олдик. Лекин иккинчи 45 дақиқаликда вазиятлар кам бўлдими? Аксинча, кўпроқ бўлди. Биз Суперлигада деярли барча футболчилари гол уришга қодир бўлган ягона жамоамиз. Ҳужумкор футбол фақат 2 нафар форвард гол уради, дегани эмас. Фалсафа бўйича бунга ким қайси ҳудудни ёпиши, ҳужумлар уюштириши, қачон ҳужумни қўллаб-қувватлаши кабилар ҳам киради. Майдонга 2 нафар вингерни тушириб, учрашув схемасини ўзгартирганимиздан сўнг, ҳужумлар ва вазиятлар кўпайди. Бу стратегияни алмаштиришимиз эвазига юз берди. Икки нафар ҳужумчи билан ўйнаш бу албатта хавфли вазиятлар юзага келади, дегани эмас. Ҳужумларда футбол фалсафаси, қандайдир ғоя бўлиши керак. Дониёр Абдуманнопов кўплаб баҳсларда ажойиб ўйин намойиш этмоқда. Аброрбек Исмоилов ҳам бугун захаирадан майдонга тушиб, юқори савияда ўйин намойиш этди.

Бизда энг асосийси, ўйинни кучайтира оладиган футболчилар бор. Бу эса катта понтенциал. Бунга селекция ишларининг яхши олиб борилгани, Наманган вилояти ҳокимининг қўллаб-қувватлаши билан таркибга юқори савияли футболчиларни жалб этганлигимиз сабаб бўлган.

Бу анонс эмас, балки, факт, яъни,  кейинги баҳсни Осиёнинг энг кучли жамоасига қарши ўтказамиз. Бўлажак ўйин жамоамиз учун жиддий синов бўлади. Юзага келадиган танаффус кучимизни тиклаб олиш ва 18 сентябрда “Ал-Ҳилол”га қарши кечадиган ўйинга жиддий тарзда тайёргарлик кўришимиз учун ёрдам беради, деган умиддаман.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Манба: www.pfcnavbahor.uz
Киритилди: 06:01, 04.09.2023.
Ўқилди: 4841 марта.
Фикрлар: 60 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.