Бугун Ўзбекистон кубогини "Бунёдкор" қўлга киритганидан кейин Ўзбекистон учун ОЧЛнинг саралаш босқичи учун ажратилган 1та ўрин Тошкентнинг "Локомотив" клубига насиб қиладиган бўлди. Шу тариқа "темирйўлчилар" ОЧЛда ўз дебютларини нишонлашади.
"Локомотив" Ғарб минтақасининг саралаш баҳсида иштирок этади. Ғарбда 14та жамоа тўғридан-тўғри гуруҳ босқичида иштирок этса, яна 4та жамоа 2та ўрин учун ўзаро плей-офф ўйинида иштирок этишади. Демак, саралаш баҳси битта босқичдан иборат бўлади. 6 декабрь куни бўлиб ўтадиган қуръа ташлаш маросимида жуфтликлар маълум бўлади. Саралаш баҳси битта ўйиндан иборат бўлади ва мезбон жамоа номини ҳам қуръа аниқлаб беради.
Ҳозирга келиб, "Локо"га рақиб бўлиши мумкин бўлган 3та жамоанинг номи маълум. Улар: "Сабо Қум" (Эрон, 4-ўрин), "Ан-Наср" (БАА, 2-ўрин) ва "Аш-Шабоб" (БАА, 3-ўрин).
6 декабрь куни саралаш босқичига ташланадиган қуръада ҳеч қандай принципларга амал қилинмайди, қуръа кўр-кўрона бўлади. Унда БААнинг икки жамоаси ўзаро тўқнаш келиши ҳам ёки улар Эрон ва Ўзбекистон клублари билан ҳам жуфтликни ҳосил қилишлари мумкин.
Аввал эълон қилинган тақвимга кўра, ОЧЛ саралаш ўйинлари 9-10 февраль (1-босқич) ва 16 февраль (2-босқич) кунларига белгиланган эди. Саралаш ўйинлари эса фақат битта босқичдан иборат бўладиган бўлди. Унинг аниқ муддатини ОФК кейинроқ маълум қилади.
Дарвоқе, БААнинг "Аш-Шабоб" клуби шарафини Азизбек Ҳайдаров ҳимоя қилишидан хабарингиз бор. Ўтган йили бу жамоа ОЧЛ саралаш баҳсида "Нефтчи" билан куч синашиб, фарғоналикларни ОФК кубогига бадарға қилганди. Бу сафар эса саралашда ютқазган жамоа ОФК кубогига ўтмайди!