Кириш Регистрация

Легионерларимиз: Деярли самарасиз ҳафта...

Баҳо:
+ | -

Россия. РПЛ 7-турида 2 нафардан ҳамюртимизни ўз сафига олган «Пари НН» ва «Рубин» клублари ўзаро тўқнаш келди. Бироқ легионерларимизнинг йўллари майдонда кесишгани йўқ. Чунончи, «Пари НН» ҳимоячиси Иброҳимхалил Йўлдошев 82-дақиқадагина захирадан тушди, ўйинни «Рубин»нинг бошланғич таркибида бошлаган Умарали Раҳмоналиев эса 78-дақиқагача ҳаракатланди. Қолган икки вакилимиз - Руслан Жиянов («Пари НН») ва Рустам Ашурматов («Рубин») ўйиндан четда қолишди. Натижага келсак, Нижний Новгород жамоаси 2:1 ҳисобида устун келди.

Ўз ўрнида айтиш керак, Рустам Ашурматов ҳафта ўртасида ўтказилган Россия кубоги гуруҳ босқичи доирасидаги «Рубин» - «Урал» ўйини (2:1)да ўз ҳисобига гол ёздириб қўйганди. Якунда у Қозон клубининг «Телеграм» каналида ўтказилган сўров натижасига мувофиқ, учрашувнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинди. РПЛ 7-турининг марказий ўйини сифатида эътироф этилган ЦСКА - «Зенит» тўқнашувида эса кучлар тенг келди - 1:1. «Армиячилар» ярим ҳимоячиси Аббос Файзуллаев бу учрашувда майдонга туширилмади. Ваҳоланки, ёш легионеримиз Россия кубогидан ўрин олган «Сочи»га қарши баҳс (0:0, пенальтилар серияси бўйича 5:4 - ЦСКА ғалабаси)да илк марта «ҳарбийлар»нинг бошланғич таркибидан ўрин олган ва 70-дақиқагача тўп суриб, чакки таассурот уйғотмаганди.

Франция. Ўтган мавсум Лига 1да 2-ўринни эгаллаган «Ланс»нинг ишлари асло юришмаяпти. Абдуқодир Ҳусановнинг жамоаси Франция чемпионати 4-турида «Монако» меҳмони бўлиб, йирик - 0:3 ҳисобида енгилди. Жамоа бош мураббийи Франк Эз бу сафар ҳам легионеримизни жангга ташлагани йўқ. Лансликлар 4та ўйиндан сўнг атиги 1 очко билан турнир жадвали 17-поғонасида боришмоқда.

Италия. «Кальяри» ва Элдор Шомуродовнинг ишлари ҳам яхши эмас. Клаудио Раньери шогирдлари «А» серия 3-тур ўйинини сафарда «Болонья»га қарши ўтказиб, 1:2 ҳисобида имкониятни бой беришди. Миллий жамоамиз сардори ўйинга иккинчи бўлим бошида қўшилди, аммо бирор самарали ҳаракати билан кўзга ташланмади. «Кальяри» 3-турдан сўнг 1 очкога эга ва турнир жадвалида 19-ўринни банд этиб турибди.

Туркия. Суперлига 4-туридан ўрин олган «Ризеспор» - «Фотиҳ Қорагюмрюк» ўйини тақдирини мезбон жамоанинг ягона голи ҳал қилди. Эътиборлиси, бу учрашувда икки легионеримиз майдонда қисқа вақт ўзаро рақиб бўлди. Яъни «Фотиҳ» ярим ҳимоячиси Отабек Шукуров 69-дақиқада сафга қўшилган бўлса, «Ризеспор» ҳимоячиси Ҳусниддин Алиқулов 89-дақиқада майдонга тушди. Айтиш жоиз, Ҳусниддин жароҳат туфайли орада жамоасининг 2та ўйинини ўтказиб юборганди. Шукуровнинг сўнгги лаҳзада сариқ карточка олганини ҳам қайд этиш жоиз. «Ризеспор» халқаро танаффусга Суперлига турнир жадвали 6-поғонасида чиққан бўлса (клуб 4та ўйинда 7 очко олди), «Фотиҳ Қора-г­юмрюк» 4 очко билан 13-поғонада.

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 08:30, 07.09.2023.
Ўқилди: 1527 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.