Сўнгги йилларда трансфер нархи ва ўйинчиларнинг маошлари янада ошиб кетганига қарамай, маоши уларнинг даражасига тўғри келмайдиган футболчилар ҳали ҳам бор.
Масалан, "Наполи"дан Хвича Кварацхелия каби: грузиялик ўтган мавсумда жамоанинг энг фойдали ўйинчиларидан бирига айланди (барча турнирларда 43 та ўйинда 14+17 самарали ҳаракатлар), Скудеттони ютишда ёрдам берди ва А Сериянинг энг яхши футболчиси деб тан олинди, аммо у клубда йилига атиги 1,2 миллион евро ишлаб топади. Бу жамоадаги 18-кўрсаткич ва шунчаки юқори даражадаги футболчи учун жуда кам маош.
Мартин Эдегор - йилига 3,8 миллион евро
"Арсенал" ва Норвегия терма жамоасининг сардори, "канонирлар"нинг энг фойдали ўйинчиларидан бири, топ-клублар учун керакли футболчи ва шунчаки яхши йигит жамоадаги ҳаммадан кўпроқ пул топиши ёки ҳеч бўлмаганда улар орасида бўлиши керакдек туюлади. Бунинг ўрнига Мартин Эдегор ҳар мавсумда 3,8 миллион евро маош олади - жамоада энг кўп маош оладиган футболчилар орасида 12-ўрин. Бундан ташқари, Артетанинг қолган шогирдларида пул билан боғлиқ муаммолар йўқ - Сака, Парти ва Салиба йилига 5 миллиондан маош олади ва янги келган Кай Хаверцга эса йилига 10 миллион евро тўланади.
Эдерсон - йилига 3,3 миллион евро
"Манчестер Сити"да асосий футболчилар ёшидан қатъи назар, Уокердан Фоденгача мустаҳкам шартномаларга эга. Минимал: 5 миллион евро маош. Айниқса, Де Брюйне ёки Холанд каби қимматбаҳо футболчилар 10 миллиондан кўпроқ маош олади - умуман олганда, Гвардиола жамоасида адолат ҳукм сураётгандек. Аммо улар кимнидир хурсанд қилишни унутишди - Эдерсон ҳар мавсумда бор-йўғи 3,3 миллион евро олади. У кўп йиллардан буён "Сити" дарвозасини ишончли ҳимоя қилаётганини ва дунёнинг энг кучли дарвозабонларидан бири эканлигини эслаб ўтиш жоиз.
Гави - йилига 3,2 миллион евро
1 миллиард евро товон пули, катта умидлар, Golden Boy 2022, 100 та ўйин... ва жамоадаги энг паст шартномалардан бири. Бироқ, Гави шунга ҳам миннатдор бўлса керак - у узоқ вақт ёшлар шартномаси бўйича ўйнади ва ақл бовар қилмайдиган саъй-ҳаракатлар эвазига "Барселона" янги шартномани расмийлаштирди, унга кўра йигитча энди 3,2 миллион евро олади ва жамоада Хави ҳаракат қилган 6-рақамда тўп тепади. Миш-мишларга кўра, вундеркинднинг маоши ҳар мавсумда ошиб боради, аммо ҳозирча "Барса" асосий таркиби даражасидаги футболчи учун бу сал пастроқ сумма.
Марк-Андре тер Штеген – йилига 3 миллион евро
Яна бир дарвозабон, ўз имкониятларидан кўра паст маош олади. Тер Штеген янги шартномаси бўйича 2028 йилгача атиги 3 миллион евро олади. Аммо испан ОАВ ёзишича, Марк янги шартномасининг дастлабки икки мавсумидагина юқоридаги миқдорни олади, кейин эса маош кўтарилиб боради.
Жамол Мусиала – йилига 2,6 миллион евро
Бир томондан, 20 ёшда 2,6 миллион евро олиш ёмон шартнома эмас. Бошқа томондан, агар сиз "Бавария"да ўйнасангиз ва бир мавсумда барча турнирларда 43та ўйинда 16+16 натижа қайд этсангиз, эҳтимол сиз кўпроқ нарсага лойиқсиз. Жамол Мусиала узоқ вақтдан бери Европанинг энг умидли футболчиларидан бири бўлиб келган ва "Бавария" ҳам камбағал клуб эмас. Ҳужумчи Чупо-Мотинг захира ўйинчиси сифатида йилига 3,7 миллион евро олаётган вақтда балки Жамолнинг маошини ошириш вақти келгандир.
Жоау Феликс – йилига 190 минг евро
Йўқ, бу ҳазил эмас. Бир пайтлар “Атлетико”га 127 миллион еврога тушган Феликс “Барселона”да солиқлардан кейин йилига 190 минг евро олади. Ҳа, бу унинг Премьер-лигадаги кўплаб ватандошлари каби бир ҳафталик эмас, балки мавсум учун маош. Лекин португалияликга ачинишнинг ҳожати йўқ - Жоау каталонияликлар сафида ўйнаш учун шундай маошга рози бўлган, чунки у буни орзу қилган. Қолаверса, у "Атлетико"га қайтганида ва бошқа клубга ўтиб кетган тақдирда бутунлай бошқа пул ишлаб топиши аниқ. Солиштирадиган бўлсак, Жоау ўтган мавсум учун 7 миллион евро ишлаб топган.
Леви Колвилл - 163 минг евро
Леви Колвилл сўнгги йилларда ижара асосида ўйнаган "Челси"нинг ёш ҳимоячиси. Бу мавсумда у ниҳоят асосий жамоага қайтди, аммо шартномани янгилашни унутиб қўйишди гўё. Йигитча бир мавсумда 160 минг евродан сал кўпроқ олади. Таққослаш учун, "аристократлар"га ўтган қишда келиб қўшилган ва ҳали ҳамон жамоа учун расмий ўйинларда фойдали ҳаракат амалга оширмаган Михайло Мудрик Колвиллдан 20 баробар кўпроқ пул олади.
Алехандро Бальде – 80 минг евро
Алехандро Бальде "Барса" таркибида Жорди Альбани рақобатда ютиб чиқиб, асосий таркиб футболчисига айланди. GoldenBoy2023'га даъвогарлар сафига кирди ва ойига 3 минг евро маош олади. Эҳтимол, латераль, принципиал жиҳатдан, топ-5 лигадаги энг кам маош олувчи футболчилардан бири бўлиши мумкин ва бу ачинарли. Хабарларга кўра, "Барселона" 19 ёшли футболчи билан 2027 йилгача амал қиладиган янги шартнома борасида келишувга эришган. Унда ҳимоячининг қанча маош олиши борасида маълумотлар ҳозирча йўқ.