Мамлакатимиз дзюдочилари Япония пойтахти Токио шаҳрида ўтказилган Катта дубулға туркумига кирувчи мусобақа медалларидан қуруқ қолишди.
Йилнинг якуний мусобақаси 30 ноябрдан 2 декабрга қадар бўлиб ўтди ва унда дунёнинг 36 мамлакатидан жами 269 спортчи (161 нафар эркак, 108 нафар аёл) иштирок этди.
Ўзбекистон Дзюдо федерациясининг маълум қилишича, ушбу мусобқада 10 нафар ўзбекистонлик дзюдочи қатнашган. Мусобақанинг биринчи кунида икки нафар спортчимиз татамига тушди. Диёрбек Ўрозбоев (60 кг.) ва Ришод Собиров (66 кг.). Диёрбек биринчи рақиби монголиялик Чимен Ендон Болдбаатарани енгди, лекин иккинчи курашда япониялик рақиби Ишикава Хиронорига енгилди ва 5-ўринни эгаллади.
Икки карра жаҳон чемпиони, Олимпиаданинг икки карра бронза медаль соҳиби Ришод Собиров яқинда ўзи учун янги оғир вазн танлагани учунми, у ҳам 5-ўрин билан кифояланди. Ришод Алажми Муҳаммад (Кувайт), Чунха Леандро (Бразилия) каби икки рақибини енгдию, лекин у ҳам япониялик Моришита Жумпейга мағлуб бўлди, дея хабар қилади матбуот хизмати раҳбари.
Иккинчи кун эса Мирали Шарипов ва Арсен Бабаян (иккови 73 кг.), Яҳё Имомов ва Шуҳратжон Арслановлар (иккови 81 кг.) бирин-кетин медалсиз қолишди.
Шунингдек, Шуҳратжон Арсланов ва Сирожиддин Магомедовлар ҳам 5-ўрин билан чекланишди.