Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Умар Адҳамзода: «Асосий ҳаракат – «Нефтчи» сафида халқаро майдонда тўп тепиш»

Баҳо:
+ | -

"Янги Фарғона" газетасининг мухбири Мўйдинжон Собитов "Нефтчи" ПФК қароргоҳига ташриф буюриб, жамоамиз футболчиси Умар Адхамзода билан суҳбат уюштирди. Мухлисларимиз эътиборига  газетада чоп этилган мақолани ҳавола этамиз

Жорий йилги Суперлига баҳсларини кўтаринки руҳда ўтказиб, совринли ўринларга даъвогарлар сафида бораётган “Нефтчи” таркибида яшил майдондаги чиройли ҳаракатлари билан мухлисларни қувонтираётган бир қатор келажаги порлоқ футболчилар тўп суришмоқда. Бугун “Нефтчи”нинг эришаётган ижобий натижаларига салмоқли ҳисса қўшаётган иқтидор эгаси – Умар Адҳамзодага мухлисларни қизиқтирган бир қатор саволлар билан мурожаат қилдик.

– Умаржон, “машҳур футболчи бўлиш учун, албатта, футбол-интернатда сабоқ олиш керак”, деган тушунча бор. Сиз ҳам футбол-интернатда ўқиганмисиз?
– Пойтахтда туғилиб ўсганим учун менда футбол-интернатда ўқишга эҳтиёж бўлмаган. Раҳматли дадам Алишер Исроилов менинг футболчи бўлишимни жуда-жуда истаган. Шу боис, 6 ёшимда падари бузрукворим мени “Чилонзор” футбол мактабига етаклаб боргани ҳамон ёдимда. Юртимиз футболига кўплаб маҳоратли футболчиларни етқазиб берган масканда таниқли футболчи Абдусаттор Раҳимовдан дастлабки футбол сабоқларини олганман. Орадан 1,5 йил ўтиб, “Пахтакор” футбол мактабига кўчиб ўтганман. У ерда Елнур Еремеев назоратида машғулотларни давом эттирганман.

– Ёшлар футболидан профессионал футболга ўтиш қийин жараён эканлиги барчага аён. Кўплаб иқтидорлар шу босқичдаги тўсиқларга дош беролмай, футболдан воз кечишгани ҳам бор гап. Айтмоқчиманки, сизнинг футболчи сифатидаги профессионал фаолиятингиз қандай бошланган?
– Мен ҳам бу босқичда бирмунча қийинчиликларга дуч келганман. Оз эмас, кўп эмас – нақ уч йил Тошкентнинг “Локоматив” жамоаси ўринбосарлари таркибида сабр билан ўйнашимга тўғри келган. Адашмасам, 2019 йилнинг ёзида Пролига вакили, Фарғонанинг бошқа бир жамоаси – “Истиқлол”дан таклиф бўлган. Аниқроғи, жамоа мураббийи Сергей Лебедев мени Фарғонага чақирган. Шу тариқа профессионал фаолиятимга йўл очилган.

– “Нефтчи”га қай тариқа келиб қолгансиз?
– Хабарингиз бўлса керак, 2020 йилнинг ёзида “Истиқлол” жамоаси молиявий муаммолар боис пролигадаги фаолиятини тўхтатган. Ўша пайтда “Нефтчи”дан тушган таклифни қабул қилганман.

– Бир йил ичида “Нефтчи” Пролига остонасидан Суперлига пешқадамлигигача бўлган йўлни босиб ўтди. Жамоанинг бир аъзоси сифатида бу ҳолатни қандай изоҳлайсиз?
– Кўпчиликни ажаблантираётган бу ижобий ҳолатга бош мураббийимиз Виталий Левченконинг мураббийлик салоҳияти ва унинг ёрдамчиларининг сидқидилдан қилган меҳнатлари эвазига эришдик, деб ўйлайман.

– Жаҳон ва ўзбек футболида қайси футболчиларга ҳавас қиласиз?
– Футболни тушуна бошлабманки, аргентиналик футбол даҳоси Леонель Месси ва Бразилия футболининг ёрқин юлдузи Марселоларнинг майдондаги ҳаракатларидан завқ оламан. Шу билан бирга, айни дамдаги жамоадошларим бўлган Лутфулла Тўраев, Фозил Мўсаев, Акбар Тўраев, Ғуломҳайдар Ғуломов каби кўплаб тажрибали футболчиларимизга хос бўлган кўп фойдали жиҳатларни ўзлаштиришга ҳаракат қиляпман.

– Футболчи сифатида қай даражага чиқишни ўз олдингизга мақсад қилиб олгансиз?
– Энг катта орзуим – Мамлакатимиз миллий терма жамоаси мураббийлари эътиборига тушиб, бош жамоамизнинг жаҳон чемпионати финал қисмига чиқишига ёрдам беришдир. Яна менинг футболчи сифатида танилишимда катта аҳамият касб этган “Нефтчи” жамоаси билан мамлакат чемпиони бўлишни, Осиё чемпионлар лигасида ўйнашни хоҳлар эдим.

– Биламизки, футболчиларда бўш вақт кам бўлади. Шундай пайтларда нималар билан шуғулланасиз?
– Машғулотлардан таътил эълон қилиниши билан Тошкентга ошиқаман. Чунки мен учун энг ҳузурли нарса – оилам даврасида бўлиш. Доим интизорлик билан кутадиган онажоним Гулшаной Исроилованинг дийдори мен учун дунёдаги энг бебаҳо неъмат.

– Саволларимизга жавоб бериш учун вақт ажратганингиз учун раҳмат. “Нефтчи” сафида кўп йиллар фаолият юритиб, фарғоналик мухлисларга қувонч улашиб юришингизни тилаймиз.

"Янги Фарғона" газетасининг мухбири Мўйдинжон Собитов сухбатлашди.

Манба: https://t.me/pfcneftchi_uz
Киритилди: 10:55, 13.09.2023.
Ўқилди: 1902 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.