Германия терма жамоаси ва Мюнхеннинг “Бавария” клуби собиқ дарвозабони Оливер Кан Саудия Арабистони чемпионатининг “Ал-Ҳилол” клуби базасига ташриф буюрди, деб хабар беради GOAL.
Функционер жамоа бош мураббийи Жорже Жезуш билан учрашув ўтказди. Суҳбатдан сўнг Оливерга орқасига ўз исми ёзилган клуб футболкаси совға қилинди.
Немис фахрийси Саудия Арабистони билан анчадан бери ҳамкорлик қилиб келади. 2017 йилда у мамлакат ёшлар академияларида дарвозабонларни ривожлантириш дастурини тузган.
“Ал-Ҳилол” Саудия Арабистони чемпионати турнир жадвалида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Жамоа навбатдаги ўйинда "Ар-Риёд"ни қабул қилади.