Хабарингиз бор, Осиё Чемпионлар Лигаси (ОЧЛ)”D” гуруҳи, 1-туридан ўрин олган баҳсда "Навбаҳор" сафарда “Ал-Ҳилол” (Саудия Арабистони)га қарши майдонга тушади.
Мазкур баҳс эртага Тошкент вақти билан соат 23:00 да старт олади.
ОЧЛ мусобақаси регламентига мувофиқ, бўлажак беллашув олдидан ҳар икки жамоанинг бош мураббийлари ва бир нафардан футболчилари иштирокида бугун эртанги учрашув бўлиб ўтадиган Ар-Риёд шаҳридаги Шаҳзода Файсал бин Фаҳд стадионининг анжуманлар залида бўлажак ўйиндан олдинги матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда “Навбаҳор” бош мураббийи Самвел Вячеславович Бабаян ва “лочинлар”нинг тажрибали ярим ҳимоячиси Азимжон Аҳмедов эртанги баҳс борасида ўз фикрларини билдиришди ҳамда ОАВ ходимларининг бўлажак учрашувга оид саволларига жавоб беришди.
Одатдагидек, наманганликлар устози ва футболчиси матбуот анжумани аввалида эртанги ўйин ҳақидаги фикрларини билдиришди.
Самвел Бабаян: – Ассалому алайкум! Барчага хайрли кун! Эртага жамоамиз Осиё Чемпионлар Лигаси (ОЧЛ) гуруҳ баҳслари доирасидаги илк баҳсда майдонга тушади. Очиғини айтиш керак, мазкур нуфузли мусобақанинг гуруҳ баҳслари қуръаси олдидан биз шундай даражадаги рақибга қарши ўйнашни хоҳлагандик.
Яна шуни ҳам таъкидламоқчиманки, биз эртага Осиёнинг энг кучли жамоасига қарши ўйнаймиз. Саудия Арабистони футболида юз бераётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, “Ал-Ҳилол”нинг ҳар бир чизиғида топ футболчилар жамланишган, таркибидан замонавий футболимиз юлдузлари ўрин олишган.
Хўш, кучли рақибга қарши қандай ўйин намойиш этиш керак? Бунинг учун футболчилардан аввало, юқори савияли ўйин, интизомга бўйсуниш ва фидойилик талаб этилади. Шунингдек, бироз омад ҳам керак.
“Ал-Ҳилол” сингари кучли клубга қарши кечадиган эртанги ўйинда мўъжизага ҳам умид қиламиз.
ОЧЛ гуруҳ баҳсларида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган “Навбаҳор” билан ижобий натижага эришишни жудаям хоҳлаймиз ва клуб билан ОЧЛ мусобақасида ҳам ўз олдига қўйилган вазифани бажариши учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз.
Азимжон Аҳмедов: – Аввало барчага салом! Эртанги ўйин жамоамиз учун қийин бўлади. Чунки “Ал-Ҳилол” кучли жамоа ва жуда яхши ўйин намойиш этяпти. Аммо биз – футболчилар ҳам бўлажак баҳсда барча имкониятларимизни ишга солган ҳолда, мухлисларимизга қувонч улашишга ҳаракат қиламиз.
– Жаҳоннинг энг кучли ҳужумчиларидан бири бўлган Неймарга қарши кечадиган ўйинга қанчалик тайёрсиз?
Азимжон Аҳмедов: – Албатта, Неймар сингари машҳур футболчига қарши тўп тепиш биз учун шараф. Унинг ўйинини ўргандик, кўриб чиқдик ва Худо хоҳласа, учрашув давомида Неймарга муносиб қаршилик кўрсата оламиз, деб ўйлайман.
– Жамоангиз жой олган гуруҳдан сизнингча, қайси жамоалар “плей-офф” босқичига йўл олади?
Самвел Бабаян: - Албатта, гуруҳимиз фаворити бу сўзсиз “Ал-Ҳилол”. Қолган 3 та жамоа эса кейинги босқичга чиқиш учун бир хил имкониятга эга.
– “Ал-Ҳилол” таркибидан кўплаб кучли легионерлар, яъни, жаҳон футболи юддузлари ўрин олишган. Уларга қарши ўйнаш учун шогирдларингизни бўлажак учрашувга қандай тайёрладингиз?
Самвел Бабаян: – Бўлажак рақибимизнинг нафақат легионерлари, балки маҳаллий футболчилари ҳам кучли. Боиси, улар миллий терма жамоага номзод ўйинчилар саналишади. Эртанги ўйинда “Ал-Ҳилол” сардори маълум сабабларга кўра, майдонга туша олмайди. Аммо бу менимча, рақиб ўйинига унчалик ҳам ўз таъсирини ўтказмайди. Биз эртанги ўйинга тайёрмиз.