Осиё Чемпионлар лигасининг кейинги мавсумига қуръа ташлангач, Жанубий Корея оммавий ахборот воситалари Кей-лига клубларининг халқаро майдондаги аҳволини таҳлил қилишга тушиб кетишди. Маҳаллий нашрлар таҳлилига таянадиган бўлсак, «Сеул» ва «Сувон» ОЧЛнинг омон чиқса бўладиган гуруҳидан жой олишган бўлса, бу борада «Чонбук Моторс» ва «Поханг Стилерс»га ҳавас қилиб бўлмас экан. Жумладан, «Поханг Стилерс»га баҳо бераркан, «Кёнгбук Илбо» нашри шундай ёзади: «2009 йилги муваффақиятли халқаро мавсумни такрорлаш учун «пўлатчилар» тиканли йўлни босиб ўтишга мажбурлар».
Эслатиб ўтамиз, «Поханг Стилерс» ОЧЛнинг «G» гуруҳида мамлакатимиз кубоги соҳиби «Бунёдкор», Япония чемпиони «Санфречче Хиросима», Хитой вакили «Бейжинг Гуан» билан кураш олиб боради. Нашр гуруҳга баҳо бераркан, «Поханг Стилерс»нинг энг ноқулай рақиби шубҳасиз, «Бунёдкор»дир. «Поханг Стилерс» «Бунёдкор» билан 2009 йили илк марта тўқнашган ва сафардаги 1:3 ҳисобидаги мағлубиятни ўз уйида мўжизавий равишда 4:1га айлантира олган эди. Лекин бу йил гуруҳ босқичида тўқнашган бу жамоалар қарама-қаршилиги тўла «Бунёдкор» фойдасига ҳал бўлди. Кейинги мавсумда ҳам бу жамоа билан тўқнашув осон бўлмаслиги аниқ», деб ёзади.
«Бу йилги мавсумнинг ярмидан бошлаб «пўлатчилар» тезлик ва ҳужумкорликни оширишди. Кей-лигада рақобат жуда кучли бўлса-да, охир-оқибат қитъанинг нуфузли турнирига йўлланма ола билишди. Кейинги мавсумда «Поханг Стилерс»дан ОЧЛда муваффақиятни кутишга ҳақлимиз».
ОЧЛ гуруҳ босқичига қуръа ташлангач, «Поханг» бош мураббийи Хванг Сон Хонг ўз фикрлари билан ўртоқлашиб, шундай деган эди: «Бу йил ОЧЛдаги иштирокимизни гуруҳ босқичидаёқ якунлаган бўлсак-да, ғалабамизга нималар етишмаганлигини аниқлай олдик. Бу бизга ўзига хос дарс бўлди. Албатта, гуруҳимизда енгил рақибнинг ўзи йўқ. Шундай бўлса ҳам биз тайёргарликка зўр берамиз. Олдимизга 2013 йилги ОЧЛ ғолиблигини қўйганмиз».
Кей-лиганинг бу йилги мавсуми якунига етди ва энди жамоалар трансфер ишларига зўр беришади. ОЧЛда Жанубий Корея шарафини ҳимоя қиладиган клубларнинг трансфер бозоридаги ҳаракатларини кузатиб борамиз.
Отабек Йўлдошев, Жанубий Корея, Сеул