Суперлига 19-турида сафарда “Андижон”га мағлуб бўлган “Навбаҳор” клуби бош мураббийи Самвел Бабаян мағлубият сабаблари, жамоадаги йўқотишлар, чарчоқ, Юсуповнинг жароҳати ва режалар ҳақида гапирди.
“Ўйин дерби номига монанд қизиқарли тарзда кечди. Якунда эса хатолар туфайли мағлуб бўлдик. Жамоадаги чарчоқ барибир ўз таъсирини кўрсатаяпти. Қолаверса, чап чанот ҳимоячимиз ва ҳужумчи Темурхўжа Абдуҳолиқовнинг йўқлиги ҳам билинди, дейиш мумкин”, - деди Бабаян.
“Сўнгги ўйинлардаги чарчоқ ва юкламаларга қарамай жамоам охиригача курашди. Бу фактор хурсанд қилмоқда. Аммо, барибир хатолар қилаяпмиз ва мағлуб бўлаяпмиз. Голда ҳам бироз диққатимизни йўқотдик. Айтаяпманку, чарчоқ барибир таъсир қилаяпти. Бу футбол. Хатолар эса футболнинг ажралмас қисмидир.”.
“Ўткир Юсупов жароҳат олган вазиятда бироз ноқулай йиқилди. Бу мушаклари билан боғлиқ вазият бўлса керак. Ушбу вазиятда у ўзини алмаштиришни сўрайди деб ўйлаган эдим. Аммо, у ўйинни давом эттиришни истади. Яхши ҳамки жиддий бўлиб чиқмади. Балки, ўтказиб юборилган гол шу жароҳат туфайли бўлгандир”.
“Навбаҳор” ҳар қандай ҳолатда охиригача курашади. Буни айтишим шарт. Биз ҳаракат қилаяпмиз. ОЧЛдаги баҳсда руҳан ва жисмонан чарчадик. Бу фактор албатта билинади. Аммо, йигитларга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Улар курашишаяпти. Бугун мотивация бор эди. Ғалаба қозониш учун астойдил ҳаракат қилдик. Шунчаки, вазиятларни голга айлантира олмадик”.
“Агар кўрган бўлсангиз дуранг ҳисоб бўлиб турган вазиятда ҳам ҳужумга бордик. Футболчиларнинг жанг қилишлари ёқди. Бу борада эътироз йўқ. Жамоам ҳар қандай ҳолатда курашни давом эттиради”.