Кириш Регистрация

Дани Карвахаль: «Фаолиятимда «Байер» муҳим ўринга эга...»

Баҳо:
+ | -

«Реал» тарихидаги энг кучли ўнг қанот ҳимоячиларидан бири - бу Дани Карвахаль, шубҳасиз.

«Қироллик клуби»нинг содиқ футболчиси ва сардорларидан бири яқинда Movistar+ канали меҳмони бўлди ва суҳбат жараёнида интеллекти ҳам чакки эмаслигини кўрсатди.

Ўзи ҳақида

- Ҳар доим шундай жиддий кўринишга интиламан. Агар омма ёки ёш болалар олдида гапиришимга тўғри келса, аввало, бир гапни такрорлайман: «Ҳаётда ҳар нарса бўлиши мумкин, лекин ҳаммаси ўз қўлингизда». Машғулотларда худди ҳаётдаги каби максимал куч билан ҳаракатланиш керак. Ҳа, фаолиятимда жароҳатлар туфайли пасайишларни ҳам бошдан кечирдим, муҳими, кўплаб қийинчиликлар ва синовларни енгиб ўтдим. Албатта, бундан фахрланаман. Кўпинча кубоклар ёки совринларни эмас, балки айнан ортда қолган мураккаб йўлни эслайман.

Испанияда футбол  ривожи ҳақида

- Жамоада 11 йил олдин ўйнай бошлагандим, шундан буён кўп нарса ўзгарди. Эсимда, ВВС учлиги сафда бўлган давр савия бўйича ўртамиёна ёки паст­роқ жамоа меҳмонга келганида, камида 4та гол уришимизни олдиндан билардик. Яъни эркин ўйнардик, ваҳоланки, тактик жиҳатдан унча жиддий тайёргарлик кўрмасдик. Чунончи, аксарият рақиблар бизга қандай қарши туришни билишмасди. Ҳозир эса ҳаммаси мураккаб - бироз бўшашсангиз, исталган рақиб «сюр­приз» улашиши мумкин. Умуман, жамоаларда жисмоний жиҳатдан сезиларли ўсиш бор, чемпионат иштирокчилари савия бўйича ҳам нисбатан тенглашди.

«Реал» ва «Байер»  кантералари ҳақида

- «Реал» тизимига 10 ёшда келгандим, фақат «Хувенил C» ва «Реал C» клубларида ўйнамадим. Умуман, фаолиятимда «Байер» таклифи жуда муҳим ўрин тутади. Аслида вариантлар оз эмасди. Дейлик, оила даврасида «Кастилья»да қолиб, Сегундада ўйнаш ёки хорижда ўз салоҳиятимни синаб кўриш масалаларини кўриб чиққанмиз. Бинобарин, «Реал»нинг асосий жамоасига бирданига қўшилишим қийинлигини тушунардим. Шу вақтда «Байер» чорлови айни муддао бўлди. Асосийси, Германияда менга дарҳол ишонч билдиришди, ўзим ҳам немис футболига тезда мослашдим. Клубда ўйин схемаси ҳам «Реал»да йўлга қўйилган «ромб»га ўхшарди. Хуллас, Бундеслигада ўз кучимга нисбатан ишончим ортди ва «Мадрид»га қайтишни хоҳлаётганимни аниқ англадим.

«Реал» ҳақида

- Очиғи, отам «Реал» мени ортга қайтарганидан мамнун бўлмади, у «Байер»да қолишим тарафдори эди, чунки «Сантьяго Бернабеу»да қанчалик амалиёт олишимни билмасди. Бу борада уни тушундим, лекин қайтишдан юз ўгиролмасдим, барибир. Бир томондан, омадим чопди, чунки ўша вақт латерал позициясида биргина Арбелоа қолганди. Кўп ўтмай, мураббий ўзгарди ва ҳаммаси тез ривожланди. Ҳа, битта клуб футболчиси бўлишим ҳам мумкин эди, ҳар ҳолда, «Реал» қайта чақирмаса, Германияда фаолия­тим қандай давом этиши ҳақида кўп ўйлардим. Умуман, Бундеслига мактаби шаклланиш жараёнида менга мислсиз катта ёрдам берди. 

Юқори босим ҳақида

- «Реал» тизимида кетма-кет 2та ўйинда енгилиш ҳолати кам учрайди, лекин ҳамиша босим сезилади, барибир. Чунки бу ерда ғалаба қозониш шарт, акс ҳолда... Бахтимга, Мадриддаги фаолиятим давомида узоқ вақтга чўзилган муваффақиятсизликларга юз тутмадик. Табиийки, футболда хатолардан ҳам, кучли футболчилардан ҳам бирдек ўрганиш керак.

ЧЛдаги беш ғалаба ҳақида

- Ақлдан озиш мумкин. Бунақасини такрорлаш иложсиздек туюлади. Ҳар доим вақт ўтиши билан ютуқларимизни кўпроқ қадрлашим кераклигини таъкидлайман. «Реал» тарихидаги энг яхши даврлардан бирининг ажралмас қисмига айланганимдан фахрланаман. Кетганимдан кейин мени жамоа тарихидаги энг яхши ҳимоячилардан бири сифатида эслашларини истардим. Албатта, нима бўлишини вақт кўрсатади.

Келажак ҳақида

- Амалда кўп йиллик шартномам бор, фаолиятимни шу ерда якунлашдан умидворман. «Мадрид»да ўйнаш - футболчи учун катта ютуқ. Жамоадан кетиш мен учун ҳаётим давомидаги энг қийин лаҳзалар бўлиши тайин. «Реал» шунчаки, клуб эмас, унинг миқёсини тўлиқ тафаккур қилиш душвор. Стадионга келганингиз ёки меҳмонхонага кирганингизда минг-минглаб одамлар сизни кутиб олишади - бу жуда таъсирли...

Саудия Арабистони футболи ва катта пул ҳақида

- Аниқ фикр билдиришим қийин. Одатда футболчилар фаолиятлари охирида Яқин Шарққа юзланишарди. Энди эса жуда кўп пул тўлашаётгани ортидан ёш, истиқболли йигитлар ҳам у ерга талпинишмоқда... Чунки маош ўртасидаги фарқ жуда катта. Габри Вейгани тушунаман, бундай таклифдан юз ўгириш осон эмас. Шахсан ўзим «Байер» билан 5 йиллик шартнома тузганимда, аввало, ота-онамга уй олиб бергандим. Камбағал оилада, ишчилар ҳудудида улғайганман,  шунинг учун Габрини яхши тушунаман. Қолаверса, яна бир нозик томони шуки, қандайдир жароҳат ёки муваффақиятсиз мавсум бутун фаолиятингизни издан чиқариб юбориши ҳеч гап эмас. Шундай экан, футболчи келажак учун сармоя тўплашга интилиши табиий ҳол.

Жароҳатлар ҳақида

- Менимча, барчаси танангиз ва онгингизга боғлиқ. Ҳар ҳолда, жароҳат битта сабаб ортидан келмайди. Ҳар гал ЧЛ ярим финали ёки финали яқинлашган пайт тез-тез жароҳатга йўлиқардим. 2тадан финал ва ярим финал ўйинида сафдан чиққанимнинг асосий омили - бу руҳий ҳолат. 2021 йили атиги 12та ўйинда майдонга тушдим, жароҳат устига жароҳат... Бундан қочиш йўлини эса роса қидирганман. Жароҳатлар спортчи учун чинакам даҳшат ва ҳар ким бу муаммодан чиқиш йўлини мустақил топишга ҳаракат қилиши керак. Чунки ҳолатлар турлича бўлади, муҳими, чиқиш йўллари ҳам кўп, албатта.

Футбол кумирлари ҳақида

- Эсимни танибманки, Мичель Сальгадо ўйинидан ҳайратланардим. Мен учун ҳақиқий намуна! Шунингдек, Серхио Рамосга ҳам қойил қоламан. Кийиниш хонасида бундай юлдузлар билан бўлиш - ақлга сиғмас тарих.

«Реал»да бирга ўйнаган энг яхши футболчилар ҳақида

- Криштиану Роналду, Серхио Рамос ва Лука Модрич... Улар гапиришганда, сиз эшитишингиз ва эслаб қолишингиз керак. Бу юлдузлар эрталаб соат 6:00да машғулотга киришарди - ишониш қийин. Қаранг, Лука камтарин мамлакати миллий жамоасини ЖЧ финалига олиб чиқди. 

Беллингем ҳақида

- Бу йигитни мақташ шарт эмас, маррани катта олгани шундоқ сезилиб турибди. Жудни илк марта қаршимда кўрганимдаёқ кўп қиррали йигит эканлигини тушундим - вазиятлардан қандай фойдаланишни билади, икки оёғи билан бирдек ўйнайди, майдоннинг ҳар нуқтасида хавфли, яна жуда ақлли.

МУҲАММАДХОН тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:49, 28.09.2023.
Ўқилди: 1818 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.