Давид Бекхэм инглиз мухлисларининг нафратини қандай бошдан кечирганини айтиб берди.
1998 йилги жаҳон чемпионати 1/8 финалида Англия ва Аргентина терма жамоалари ўртасидаги ўйинда Бекхэм қизил карточка олган эди. Давид 47-дақиқада Диего Симеонега нисбатан қўполлик ишлатгани учун майдондан четлатилган эди. Учрашувнинг асосий вақти 2:2 ҳисобида дуранг билан якунланган ва пенальтилар сериясида аргентиналиклар ғалаба қозонишган.
"Мен баъзи хотираларни ўчириб ташлайдиган таблетка бўлишини хоҳлардим. Мен ҳаётимни ўзгартирган аҳмоқона хатога йўл қўйдим. Мухлислар менга: "мамлакатни тушкунликка туширишга қандай қарайсан?", "сен шармандасан" - дейишган.
Мен бу ҳақда ҳеч қачон гапирмаганман деб ўйлайман. Чунки мен буни қила олмасдим. Бошимдан кечирганларим ҳақида гапириш мен учун қийин, бу жуда экстремал эди. Қаерга борсам ҳам ҳар куни ҳақорат қилишарди. Кўчада юриб, одамларнинг сизга қараб туришини, орқангиздан тупуришини, ҳақорат қилишини, яқинлашиб, ҳар хил гапларни айтишини кўриш қийин.
Мен овқатланмадим, ухламадим, умуман яхши эмас эдим. Мен нима қилишни билмасдим.
Мен ҳеч кимнинг бундай эътибор марказида бўлишини хоҳламаган бўлардим. Ота-онам ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бунинг учун ўзимни кечира олмайман. Бу содир бўлган воқеанинг энг қийин қисми, чунки мен хатога йўл қўйганман.
Бу мени ичимда ўлдирарди. Ўша мавсумда мен ҳар сафар тўқнаш келганимда, рақиб бир нечта гол ургандек туюларди. Шундан сўнг Викторияни трибунада томоша қилиш қанчалик даҳшатли бўлса ҳам, бу мени ўзимга қайтарган ягона нарса бўлди" - деди "Манчестер Юнайтед" ва "Реал"нинг собиқ футболчиси Netflix ҳужжатли фильмида.