Сайтимиз ўқувчиларига "Насаф" футболчиларига ўзларининг қизиқтирган саволларини беришларини ва ўз ўрнида ушбу саволларига ўйинчилардан жавоб олиб, сайтимиз орқали эълон қилишимизни ваъда қилган эдик. Аммо бу ваъдани бажариш бироз қийинчилик туғдирди.
Шундай бўлса-да, ким билан алоқага чиқишга эришган бўлсак, ана шу ўйинчилардан саволларга жавоб олишга ҳаракат қилаяпмиз. Суҳбатимиз давомида шу нарса аниқ бўлаяптики, кўпчилик ўйинчиларнинг ўзлари ҳам бир қарорга келишмаган, яъни улар ҳам клуб раҳбариятининг таклиф ва мулоҳазаларини кутиб туришибди. "Насаф" жамоасида янги мавсумда кимлар аниқ фаолият кўрсатишига 20 декабрдан кейин аён бўлишини яна бир марта ўқувчиларимизга маълум қилишни жоиз деб топдик ва албатта ушбу янгиликларни эшитган заҳоти Сиз азиз ўқувчиларни мунтазам хабардор қилиб бориш ниятидамиз. Эслатиб ўтамиз, ушбу савол-жавобларни уюштиришда бизга "Насаф" ПФК матбуот хизмати раҳбари Азиз Нурий яқиндан ёрдам кўрсатмоқда.
Биз кеча бир неча уринишлардан сўнг Жаҳонгир Жиямуродов билан суҳбатлашишга муяссар бўлдик. Қуйида Жаҳонгирга берилган саволларни ва уларга олган жавобларимизни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Жаҳонгир Жиямуродовга қуйидаги саволлар тушган, ушбу саволларни қаршилик мухлисимиз Жавоҳир Раҳматов ва Гулистон шаҳридан Жонибек Саматов беришган:
1. Келаси мавсумда ҳам “Насаф”да ўйнайсизми?
2. “Насаф” клуби билан қанча муддатга шартномангиз бор ва сиз келаси мавсумда қайси жамоада ўйнашингиз мумкин?
3. Агар иложи бўлса жиддий таклифларни билсак. Жахонгир Жиямурадовга ва "Насаф" ФК келгуси мавсумларда чин дилдан омад тилаб қоламан.
Жаҳонгир Жиямуродов: — "Ушбу саволларга битта умумий қилиб жавоб берсам, саволларни эгалари мени тўғри тушунишади деган умиддаман. Ҳозирги пайтда жароҳатим борлиги учун муолажани давом эттираяпман шифокорларнинг хулосасига кўра, текширувлар яхши чиққан, енгил машғулотлар ўтказаяпман. Умуман, бу йилги масумда омадим чопмади, жамоамга етарли ёрдам бера олмаганимдан афсусдаман, наилож бу ҳолат футболчи ҳаётида бўлар экан. Чидашга мажбурман. Мени келгуси мавсумда “Насаф”да қолиш ёки қолмаслигим 20 декабрдан бошлаб, базамизда йиғилганимиздан сўнг, табиийки музокаралар орқали маълум бўлади. Жиддий таклифларга келадиган бўлсам, бу таклифлар ҳақида очиқламоқчи эмасман, бунда ҳам мени тўғри тушунасизлар деб умид қиламан. “Насаф”га ўрганиб қолганман, Рўзиқул Бердиев билан ҳам муносабатим яхши, “Насаф”нинг ажойиб мухлислари кўп, уларни жуда ҳурмат қиламан. Менга ва "Насаф" жамоасига билдирган тилакларингиз учун ташаккур изҳор этаман".