Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Рафаэль Леау: «Чемпионлар лигаси 10 миллионли маошдан муҳимроқ»

Баҳо:
+ | -

«Милан»нинг португалиялик етакчиси Рафаэль Леау майдонда юқори дриблинг салоҳияти билан алоҳида ажралиб туради.

 Энди маълум бўлдики, Португалия миллий жамоаси вингери микрофон қаршисида ҳам чакки эмас экан. Ҳар ҳолда, Леау GQ Portugal журна-лис­тлари билан суҳбат жараёнида мулоқот маданиятидан бебаҳра қолмагани, ўзига яраша сўз бойлигига эгалигини кўрсатди.

Бугунги «Милан»нинг истиқболи 

- Менимча, клуб ҳозир тўғри йўлда. Дейлик, ЧЛдек кучли турнир ярим финалига чиқишни уддаладик. Мақсадимиз ҳам ўз-ўзидан тушунарли - ўсишда давом этиш, ўйин­га янада жозиба қўшиш ва чинакам кучли гуруҳга айланиш. Ишончим комил, «Милан» яқин йилларда ЧЛ шоҳсупасига ҳам қайтади. Ҳа, ҳозир ўз номимдан гапиряпман, зеро, ҳали ёшман, ғалабага интилишим кучли. Оддий айтганда, катта ишларни бажаришни хоҳлайдиган иштиёқли йигитман. Умуман, ЧЛ - ҳар бир футболчининг орзуси. Хуллас, «Милан»да юксакликка эришиш устида тинимсиз  ишлаяпмиз.

Жамоанинг ёш таркиби

- Ҳа, таркибдаги аксарият йигитлар анча ёш, лекин кўпчилик «А» серияда 50тадан, ЧЛда эса 20тадан ортиқ ўйин ўтказишга улгурди. Демак, бизда аллақачон маълум даражада тажриба шаклланди. Энди ёшлик шижоати ва шу тажрибани уйғунлаштирган ҳолда, майдонда самара кўрсатсак, бас.

ЕЧЛ-2022|23 ярим финали 

- Афсуски, бир қатор асосий футболчиларимиз жароҳат ёки бошқа сабаб билан ўша ўйинларда иштирок эта олишмади. Менимча, «Милан»­да муқобил вариантлар йўқ эди, қисқаси, «Интер» бой захираси туфайли кучлироқ кўринди. Менимча, ярим финал қарама-қаршилигида айни шу ҳолат ҳал қилувчи омил бўлди.

Саудия футболига  талпиниши эҳтимоли

- Ҳаётда ҳеч қачон «Ҳеч қачон» иборасини қўлламаслик керак. Чунки эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Ҳозирги ҳақиқат шуки, айни пайт ўзимга мақбул клубдаман. «Милан»да мени жуда зўр қабул қилишди, яхши кўришади. Мана, амалдаги шартномам муддатини узайтирдим. Агар кетиш режаси бўлганида, бундай қилмасдим. Хуллас, ҳозир бор эътиборим «Милан»га қаратилган, кейинги 2-3 йил ичида қандайдир салмоқли натижаларга эришишни истайман. Тўғриси, Саудия Арабистонига бемалол кетиш учун ҳали арзирли ютуқларга эришганим йўқ. Тан олиш керак, бугунги ҳаётимизда пулнинг ўрни катта. Аммо шахсан мен учун ЧЛ дейлик, 10 миллион евроли маошдан каттароқ аҳамиятга эга.

Мусиқа йўналишидаги фаолияти 

- Мени қўшиқ куйлашга Жузиси ва КидРобин илҳомлантиришди. Улар - бу ишни аллақачон яхши уддалаган гуруҳ аъзолари. Биз ёшликда битта маҳаллада бирга улғайганмиз, ўзига хос «банда» бўлганмиз. Шундай экан, болалик дўстларимнинг гуруҳига қўшилишим табиий ҳол эди. Мусиқада одамлар ичидаги дардларни ифода этишдан қўрқмаслик керак. Бу йўналишдаги мақсадим ҳам тайин - жонажон маҳалламда яшайдиган, менга қалбан яқин одамлар дилидаги гапларни баралла куйлаш. Яна хонандаларни маълум босқичда тўхтаб қолмасликка ундаш. Оддий айтганда, қўшиқчи ролида фақат ўз ҳақимда ўйламайман. Тан оламан, мусиқа оламига шунчаки, ҳавас билан бош суқдим - севимли машғулот. Энди эса айтишим мумкинки, бу ҳам профессионал иш, чунки ҳаммасини ўта жиддий қабул қила бошладим.

Футболчи ва қўшиқчилик фаолияти 

- Жисмоний ҳолатим яхши, иккисига ҳам улгураман. Ҳа, саҳнада номим ҳеч қачон футболдаги каби жарангдор эшитилмайди. Буни яхши биламан. Лекин ҳаёт йўлимда футбол ва мусиқа ҳар доим бир-бирига боғлиқ бўлади.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 21:35, 06.10.2023.
Ўқилди: 1328 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.