Лондоннинг “Челси” клуби Англия Премьер-лигасининг 8-туридан ўрин олган ўйинда “Бёрнли” меҳмони бўлиб, 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ушбу ғалаба барча турнирларни ҳисобга олган ҳолда "кўклар" учун кетма-кет учинчи ғалаба бўлди. Аввалроқ Маурисио Почеттино шогирдлари АПЛда “Фулхэм”ни мағлуб этган (2:0) ва Англия Лига кубоги ўйинида “Брайтон”дан (1:0) кучлироқ бўлганди.
Айтиш жоизки, “Челси” охирги марта шу йилнинг март ойида бундай муваффақиятли серияга эришган эди. Ўшанда АПЛда "Лестер" (3:1) ва "Лидс" (1:0), Чемпионлар лигасида Дортмунднинг "Боруссия"сини (2:0) мағлуб этишган.
“Челси” навбатдаги ўйинни 21 октябрь куни “Арсенал”га қарши ўтказади.