Хитой Халқ Республикасида бўлиб ўтган XIХ ёзги Осиё ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларига
Ҳурматли спортчи ва мураббийлар!
Қадрли фарзандларим!
Аввало, Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган XIХ ёзги Осиё ўйинларида муносиб иштирок этиб, юксак натижаларни қўлга киритганингиз билан сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Сизларнинг жонажон Ўзбекистонимиз шарафини ҳимоя қилиш йўлида кескин кураш олиб бориб, улкан ютуқларга эришганингиз, ҳеч шубҳасиз, барчамизни, кўп миллатли халқимизни чексиз қувонтирди.
Бепоён қитъамиз миқёсида ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган ушбу нуфузли спорт анжуманида юртдошларимиз сизларнинг ҳар бир чиқишингизни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатиб борди. Бутун Ўзбекистон аҳли сизларни қўллаб-қувватлаб, Яратгандан омад ва зафарлар тилади!
Осиё қитъасининг 45 та давлатидан 11 минг нафар спортчи иштирок этган бу мусобақаларда миллий терма жамоамиз аъзолари ўзларининг беқиёс маҳорати, ғайрат ва матонатини, ғалабага бўлган юксак интилиш ва иродасини намоён этиб, 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза медалини қўлга киритганлари ҳар қандай таҳсинга сазовордир.
Олтин медаллар 31 нафар спортчимиз томонидан қўлга киритилган бўлса, уларнинг тенг ярми – қизларимиз ҳиссасига тўғри келганини алоҳида мамнуният билан таъкидлашни ўринли деб биламан.
132 нафар вакилимиз жами 71 та медални қўлга киритиб, ўтган Осиё ўйинларига нисбатан рекорд натижани қайд этганлари ҳам барчамизни қувонтиради.
Айниқса, ғайрат-шижоатли ўғил-қизларимиз Хитой Тайпейи, Баҳрайн, Шимолий Корея, Гонконг, Эрон, Индонезия, Қозоғистон, Қатар, Сингапур, Малайзия, Вьетнам, Кувайт каби спорт соҳасида ривожланган давлатларни ортда қолдириб, умумжамоа ҳисобида Хитой Халқ Республикаси, Япония, Жанубий Корея ва Ҳиндистондан кейин фахрли бешинчи ўринни эгаллаганликлари Ўзбекистон спорти тарихида яна бир ёрқин саҳифа очди, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.
Бўлиб ўтган қизғин беллашувларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган Баҳодир Жалолов, Жалгасбай Бердимуратов, Улуғбек Рашитов, Ҳасанбой Дўсматов, Абдумалик Халаков, Диёра Келдиёрова, Тахмина Икромова, Севинч Раҳимова, Вилана Савадян, Эвелина Аталянц, Шарифа Давронова, Сафина Саъдуллаева, Музаффар Тўрабоев, Ольга Забелинская, Шоҳмурод Холмуродов, Нурислом Тўхтасин ўғли, Умид Эсонов, Артём Штурбабин, Ҳилола Ортиқбоева, Муҳсин Ҳисомиддинов, Зайнаб Дайибекова, Плиего Лара Мария Паола, Херрера Лара Луиза Фернанда, Гулистон Пердебаева, Анна Пракатень, Шеҳроз Ҳакимов, Дилшоджон Худойбердиев, Давиржон Давронов, Алишер Турдиев, Муроджон Йўлдошев ва бошқа спортчиларимизнинг нодир истеъдоди, маҳорати ва қобилиятига барча спорт мухлислари яна бир бор тан берди.
Ўзбек қиличбозлик спортининг ифтихорига айланган Зайнаб Дайибекова сабля жамоа дастурида Осиё қитъасида тенгсизлигини, Анвар Клевлеев эса слаломда эшкак эшиш беллашувида аксарият рақибларидан кучли эканини амалда намоён этдилар.
Айни вақтда навқирон фарзандларимиз кураш, дзюдо, бокс, енгил атлетика, бадиий гимнастика бўйича тенгсиз, таэквондо, велоспорт, оғир атлетика, футбол мусобақаларида эса етакчилар сафида эканларини амалда исботладилар.
Осиё ўйинларида эришилган бундай ютуқлар биз учун улкан аҳамиятга эга бўлиб, сизлар шу тариқа миллий спорт мактабимизнинг шон-шуҳратини, Ўзбекистон ёшларининг қандай буюк ишларга қодир эканини жаҳонга намоён этдингиз.
Ўз навбатида 2024 йил Парижда бўлиб ўтадиган 33-олимпия ўйинларида ҳам юксак чўққиларни забт этишингизга ишонаман!
Ҳеч шубҳасиз, сизларнинг юртимиз байроғини баланд кўтариб, юқори ўринларни эгаллаганингиз мамлакатимизда соғлом ва баркамол, ватанпарвар ёш авлодни
– Янги Ўзбекистон бунёдкорларини вояга етказиш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш мақсадида олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотларимизнинг яна бир амалий натижаси сифатида барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди, миллионлаб тенгдошларингиз учун ўрнак ва намуна бўлиб хизмат қилади.
Фурсатдан фойдаланиб, сизлар каби салоҳиятли, иродаси мустаҳкам, эл-юртга садоқатли ёшларни тарбиялаб камолга етказган меҳрибон ота-оналарингизга, сизлар билан ёнма-ён туриб, юксак чўққиларни забт этишингизга муносиб ҳисса қўшган моҳир ва жонкуяр устоз-мураббийларингизга ўз номимдан, халқимиз номидан чин дилдан ташаккур изҳор этаман.
Йирик халқаро спорт беллашуви – Осиё ўйинларида қўлга киритган тарихий натижаларингиз билан сизларни яна бир бор самимий қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, келгуси фаолиятингизда янги-янги зафарлар, оилаларингизга бахту саодат тилайман.
Доимо бахтингиз ва омадингизни берсин, азиз фарзандларим!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти