Кеча "Олмалиқ" клуби Олмалиқ шаҳрида тўпланди ва 2013 йилги чемпинат баҳсларига тайёргарликни бошлашди.
Ўтган мавсумда аввалги йилга нисбатан бироз кўтарилишга эришган “Олмалиқ”, навбатдаги мусобақада ҳам муносиб иштирок этишни мақсад этган. Ҳозирча жамоа таркибида легионерлар ва ижара асосида тўп сурган футболчилардан ташқари деярли барча тўпланган. Одатий анъанасига содиқ қолган Игорь Анатольевич бир неча ёш футболчиларни ҳам кўрикдан ўтказишни мақсад қилган.
2012 йилги мавсумда "Олмалиқ" шарафини ҳимоя этган баъзи футболчилар билан шартнома узайтирилмайдиган бўлди.
Жамоани тарк этганлар рўйхатини туркманистонлик дарвозабон Павел Харчик бошлаб беради. Павелнинг ўтган мавсумдаги фаолияти ўртача баҳолаш мумкин. Бир неча ўйинларда жамоага муҳим очколарни жамлашда ёрдами теккан бўлса, баъзи учрашувларда бунинг аксини кўрдик. Тимур Айзаттулов жамоамиз билан йил бошида машғулотларга қатнашган ва кейинчалик “Локомотив”га ўтишни маъқул кўрганди. Иккинчи давра бошланиши арафасида темирйўлчилар сафини тарк этиб, “Олмалиқ” жамоасига ўтганди. Кўп йиллик тажрибага эга бу футболчи ҳам ўз салоҳиятини тўлиқ намойиш эта олмади. Дилшод Жабборов ҳам иккинчи даврадан таркибга қўшилганди. Бу футболчи асосан ёшлар таркибида тўп суриш билан чекланди, холос.
Шунингдек, ижарага олинган ҳимоячи Арсен Тюленев ва Носир Отақўзиев ўз жамоалари сафига қайтишган.
Иккинчи даврада “Навбаҳор”га ижарага берилган Абдураззоқ Жўраев яна жамоага қайтган. Жамоадаги ўзгаришлар ҳозирча шулардан иборат. “Олмалиқ” жамоасидаги янгиликларни жамоа расмий сайтида кузатиб боринг.