Суперлига 22-турида ўз уйида “Турон”ни мағлуб этган “Пахтакор” клуби бош мураббийи Максим Шацких ғалаба, ротация, Саитов ва Кушки ҳақида фикр билдирди.
“Ўйинни тўлалигича назорат қилдик ва ҳаққоний ғалабага эришдик. Биринчи таймдаёқ ўйин масаласини ҳал қилишга яқин эдик. Иккинчи таймда ўз ўйинимизни кучайтирдик ва ғалабали ҳисобни мустаҳкамлай олдик”, - деди Шатских.
“Бугунги ротация рақиб билан боғлиқ эмас. Шунчаки, бунга мажбур бўлдик дейиш мумкин. Мана, сўнгги расмий ўйин тугагач, айрим футболчиларимизни терма жамоаларга қўйиб юборишга мажбур бўлдик. Футболчилар робот эмас. Уларни терма сафидан қайтганларидан кейин дарров ўйинларга қўйиш унчалик мантиқий эмас. Жисмоний ва психологик ҳолатлари ҳақида қайғуришимиз керак. Бугунги ротация сабаби айнан шунда. Қолаверса, жамоада ўйин амалиётига камроқ эга бўлган футболчиларга имконият бердик”.
“Саитовга ҳар ўйин аввалида узоқроқдан зарба беришни уқтирамиз. Ҳар ўйинда қайта-қайта айтамиз. Билмадим, балки имконият бўлмас. Футболчилар ҳам ишни қийинлаштиришни яхши кўришади. Тўпни дарвозага яқин масофага олиб боришни, майда паслар билан кириб боришга қизиқишади. Дилшод билан доим ҳазиллашамиз. У сўнгги голини айнан “Пахтакор” стадионида “Пахтакор”га қарши урган. Худди бугунгидек узоқ масофадан. Қани шу зарба деб унга ҳазил қиламиз”.
“Эронлик футболчи Кушкини жамоамизда бошқа кўрмасак керак. Уни тавсия қилган инсонларга ишонган эдик. Аммо, ҳозирча бизнинг даражамизга мос эмас. Уни жамоани кучайтириш учун таклиф этган эдик. Легионер мақомида келган футболчи жамоани кучайтириши керак. Аммо, уни жамоа даражасига мос эмас дейиш мумкин. Доим ҳам таклиф этилган легионер ишончни оқламаслиги мумкин”.
“Ёзда жамоа сафига келиб қўшилган бошқа хорижликлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Уларнинг даражалари бизга унчалик тўғри келмаяпти. Айримлари ёш, айримларига вақт керак. Кими Меркнинг паспорти иккита, қолаверса осиёлик. Лимитга тўғри келгани учун олдик. Келажакда ёрдаб бериши мумкин деган фактор билан таклиф этдик. Стинворден бизга ёрдам бераяпти. Умуман, агар легионер келса, албатта майдонга тушиши керак деган ғалати стереотип мавжуд. Бу нотўғри. Улар кучли эканини исботлаши талаб этилади”