Кириш Регистрация
10/07 05:00 Аргентина - Канада

Модричнинг "Реал Мадрид"даги даври ниҳоясига етмоқда

Баҳо:
+ | -

Хорватияликни бундан кейин нима кутмоқда? Лука Модричнинг "Реал" учун аҳамиятини ортиқча баҳолаш қийин. Дунёнинг энг яхши ярим ҳимоячиларидан бири 2012 йилдан буён унинг таркибида ўйнаб келаётган "қироллик клуби"га катта фойда келтирди. Хорватиялик футболчи 13-мавсумини Испания пойтахтида ўтказмоқда. Дунёнинг энг талабчан клубларидан бирида узоқ вақт давомида ўзини кўрсата оладиган футболчилар кам. Аммо энг яхшилари ҳам, афсуски, қарийди.

Модрич аллақачон 38 ёшда. Унинг ҳолатида ёшга қараш мутлақо тўғри эмас. Унинг ёшида Лука ҳали ҳам яхши ва кўплаб жамоаларга ёрдам бера олади, жумладан, "Реал"га ҳам.

Аммо Перес бир неча йил олдин ёшартириш курсини белгилаб қўйган ва буни ҳисобга олиш керак. Ҳозирда хорватиялик футболчи "Бланкос" таркибидаги энг кекса футболчи ҳисобланади. Унинг ўйин вақти аста-секин қисқаришини олдиндан билиш осон эди. Бу тенденция ўтган мавсумда пайдо бўлган ва бу мавсумда давом этмоқда.

Модрич бу мавсумда ҳар бир ўйинга ўртача 40 дақиқа сарфламоқда, бу унинг фаолиятидаги энг ёмони. Ла Лигада у бор йўғи 3 марта асосий таркибда майдонга тушди ва 2 учрашувни захирада ўтказди. Хорватиялик футболчи ўйин вақти бўйича жамоада 15-ўринни эгаллаб турибди, бу эса уни хурсанд қила олмайди. Гарчи ярим ҳимоячининг ўзи ёзда худди шундай вазиятга тайёр эканлигини билдирган эди.

Янги мавсумда жамоа 4-3-1-2 схемасида ўйнаяпти. Ярим ҳимоя чизиғи Тони Кроос, Федерико Вальверде ва Аурелиен Тчуаменидан иборат. Модрич ўзини юқорироқ жойлаштириши мумкин эди, аммо Жуд Беллингем бу ўринни эгаллаб олди. Ҳеч ким, жумладан, Луканинг ўзи ҳам инглиз футболчисини янги клуб ва янги лигада бунчалик кучли бошлашини хаёлига ҳам келтирмаганди. Жуд деярли ҳар бир ўйинда самарали бўлиб, ғалабали голларини урди. Уни захира ўриндиғида ушлаб туриш учун ҳеч қандай сабаб йўқ.

Модрич марказий ярим ҳимояда ҳам ўйнаши мумкин эди, у ерда принципиал жиҳатдан баъзида жой пайдо бўлади, лекин у ерда ҳам Карло Анчелотти бошқа ўйинчиларни афзал кўради. Масалан, Кроосни. Немиснинг ҳам ёшини катта деб ҳисоблаш мумкин, аммо у ҳали хорватияликдан 5 ёш кичик. Тчуамени ўтган мавсумни ноаниқ ўтказди, лекин у аллақачон барқарор бошловчига айланиб бормоқда. Вальверде бу мақомга анчадан бери эга. Аммо Эдуардо Камавинга ҳам борки, у ҳимоянинг чап қанотида ўз хоҳишига қарши ўйнашга мажбур.

"Реал Мадрид"да марказий ярим ҳимоячилар кўп. Юқоридагилардан ташқари жароҳат сабаб мавсум бошини ўтказиб юборган Дани Себьалос ҳам бор. Шунингдек, 2 нафар ҳужумкор ярим ҳимоячи Браҳим Диас ва Арда Гулер. Бу футболчиларнинг ҳар бири, эҳтимол, Гулердан ташқари, "Реал"да ўйнаш учун етарли тажрибага эга, аммо уларнинг ҳаммасида ҳам таркибда етарли жой йўқ. Нима бўлишидан қатъий назар, Луканинг ўйин вақти тез суръатлар билан қисқаряпти. Тўғри, тажрибали ярим ҳимоячи “қироллик клуби” билан шартномасини узайтирганида қаторасига бир неча учрашувни захира ўриндиғида ўтказишини кутмаганди. 38 ёшида у асосий таркибда ўйнаш истаги билан тўла эди.

Ҳозирги вазиятда Модричнинг келажаги ҳақида миш-мишлар кўпайиб бораётгани мантиқан тўғри. Анчелотти Лука январда "Реал"ни тарк этмаслигини ишонч билан айтди. Аммо ҳозир бу ҳақда гапиришга эрта.

Хорватиялик ўз ҳолатидан аллақачон норози, йил охирига келиб эса вазият ёмонлашиши мумкин. Жорий икки турнирга Испания Кубоги қўшилиши ҳисобга олинса, жамоада ротация бўлади. Модрич ўйин вақтини олади, аммо бу қандай вақт ва қайси турнирларда бўлиши катта савол. Масалан, Чемпионлар лигасида "Унион"га қарши ўйинда ярим ҳимоячи 81 дақиқа, "Наполи"га қарши эса атиги 25 дақиқа ўйнаган.

Агар январгача Луканинг аҳволи жиддий ўзгармаса, у "Реал"ни тарк этиши мумкин. Жароҳатлар билан боғлиқ муаммолар бўлмаса, клуб уни мавсум ўртасида қўйиб юбориши мумкин. Шу муносабат билан ярим ҳимоячига яқинда МЛС клублари, хусусан, “Интер Маями” қизиқиш билдирмоқда. Миш-мишларга кўра, Лионел Месси ўзининг собиқ рақибини жамоадоши сифатида кўрмоқчи.

"Интер Майами"да яхши жамоа бор, лекин Мессининг йўқлиги уларда креативлик етишмаётганини кўрсатди. Модрич жамоанинг ўрта чизиғида Серхио Бускетс ва ёш Бенжамин Кремаски билан бирга яхши жойлашиши мумкин эди. “Реал” етакчиларидан бирининг “Барселона”даги собиқ рақиблари сафига қўшилиши эса кўпчиликнинг эътиборини тортади. Лука ва Бускетснинг ўзаро муносабати, айниқса, иккита буюк уста ва узоқ муддатли принципиал рақиблар бир жамоада ўйнашса, қизиқарли бўлади.

Киритилди: 19:27, 21.10.2023.
Ўқилди: 2002 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.