Осиё Чемпионлар лигасида "Аҳал" устидан қозонилган ғалабадан сўнг "Пахтакор" бош мураббийи Максим Шацких ва вингер Азизбек Турғунбоев ўз фикрларини билдиришди.
Максим Шацких: - Ўйинни тўлиқ назорат қилдик. Йирикроқ ҳисобда ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди. Биринчи уч очкони қўлга киритдик ва кейинги учрашувларга тайёргарлик кўришни бошлаймиз.
"Аҳал" жамоасини кучсиз демаган бўлардим. Улар 1-турда "Ал Файҳа"ни мағлуб этишди ва "Ал Айн"га қарши кечган учрашувда ҳам анча сифатли ўйин намойиш этишди. Ушбу жамоани кўпчилик менсимаяпти ва бу нотўғри. Агар бугун ғалаба қозонмаганимизда гуруҳдан чиқиш имкониятларимиз нолга тенг бўлар эди.
Улар ўйда ўйнаганида рақиб жамоа "Аҳал"нинг кучини паст баҳолаганлиги сабаб мағлуб бўлди ва сунъий қопламали майдон ҳам ўз таъсирини ўтказган. Бизга ҳам сунъий майдон катта муаммо туғдириши аниқ. Ашҳободга боргандан кейин у ердаги шароитларга мослашишга ҳаракат қиламиз. "Ал Айн"га қарши кечган учрашувдаги "Аҳал"ни бугун майдонда кўрдим ва рақиб услуби деярли ўзгармаган.
Азизбек Турғунбоев: - Бугун муҳим уч очкони қўлга киритдик ва чиройли ўйин ўтказдик. Ҳали гуруҳдан чиқиш имкониятларимиз бор. Қолган уч учрашувда ғалаба қозонсак, кейинги босқичга йўл оламиз.
Ёшлигимда қанот ҳимоячиси сифатида ҳам ўйнаганман. Профессионал футболчи тез мослашиб кетиш қобилиятига эга бўлиш керак. Мураббийнинг вазифасини қўлдан келганча бажаришга ҳаракат қиляпман.