"Барчанинг кўзи глобал даражадаги ўйинда бўлади", – деган эди Эрик тен Хаг Манчестер дербисидан олдин. Ҳақиқатдан ҳам шундай бўлди. Аммо бу кўзлар фақатгина "МЮ"нинг ўз майдонида шармандали мағлубиятга учраганини гувоҳи бўлди холос. Холанднинг икки голи ва Фоденнинг аниқ зарбаси "Манчестер Сити"га меҳмонда уч очко тақдим этганди. Шу ва бошқа тур ўйинлари якунлангач, Opta Analyst ўз компьютерларини ишга солган ҳолда, мавсумнинг қолган қисмида катта эҳтимол билан нималар содир бўлишини тахмин қилиб кўрди.
Унга кўра, 2023/24 йилги мавсум "Манчестер Юнайтед" учун саккизинчи поғонада тугайди. Айни дамда ҳам "қизил иблислар" айни шу ўринни эгаллаб турибди. 13 карра АПЛ чемпионлари ўз тарихида еттинчи ўриндан пастроққа тушиб кетмаган эди. Тушиб кетган пайтда эса турнир ҳали АПЛ деб аталмас, Фергюсон эса эндигина клуб бошига келган. 1989/90 йилги мавсум манкунианликлар учун 13 ўринда якун топади. Ўшанда "МЮ" қўшниси томонидан 5-1 ҳисобида мағлуб этилади.
Эрик тен Хаг ўтган мавсумда дебют қилиб, Англия лига кубогини жамоага тақдим этганди. Аммо саккизинчи ўринни эгаллаганида, аллақачон кетган бўларди. Иккинчи мавсумда айнан шундай ҳодиса юз бериши мумкин. Кечаги мағлубият тен Хаг фаолиятига соя солиши ҳеч гап эмас. Ҳали ҳам "Манчестер Сити" ўз имкониятларининг фақатгина учтасидан фойдалана олди холос. Акс ҳолда, ҳисоб бундан ҳам йирикроқ кўриниш оларди.
Суперкомпьютер ҳисоб-китобларига кўра, амалдаги чемпионлар бўлмиш "Манчестер Сити" яна якунда Англияда тенгсизга айланади. Айни дамда лига етакчилари бўлиб турган "Тоттенхэм" эса 38 турдан кейин 4 ўрин билан кифояланишга мажбур бўлади. Ўтган мавсумда Гвардиола жамоаси билан куч синашган "Арсенал", бу сафар учинчи ўринга кўниши керак. "Ливерпуль" мавсум давомида "Манчестер Сити"га рақобатчи бўлиши тахмин қилинмоқда. Бу мавсумда "МЮ"нинг чемпион бўлиш эҳтимоли Opta томонидан 0.00 % дея эътироф этилди. Хуллас, кучли ўнталик қуйидаги кўринишда бўлади.
1. "Манчестер Сити"
2. "Ливерпуль"
3. "Арсенал"
4. "Тоттенхэм"
5. "Астон Вилла"
6. "Ньюкасл"
7. "Брайтон"
8. "МЮ"
9. "Вест Хэм"
10. "Челси".
ИСМАТОВ Ж.