"Ливерпул"нинг собиқ футболчиси Майкл Оуэн бу йил қайси футболчи "Олтин тўп"ни олишга лойиқ, деган саволга жавоб берди.
"Ўйлашимча, бу йил "Олтин тўп"ни икки киши қўлга киритишга лойиқдир. Номзодлардан бири Эрлин Холанд. У 53 ўйинда 52 та гол урди ва треблга эришди - бу унинг учун жуда таъсирли йил бўлди. Лекин у ғалаба қозонади деб ўйламайман. Катта эҳтимол билан Холанд иккинчи ўринни эгаллайди. Чунки Месси бутун фаолиятини орзу қилган йил бўлди. Унинг яхши статистикаси бор эди, лекин жаҳон чемпионатида ғалаба қозониш ва унинг асосий юлдузига айланиш - бундай фаолиятининг деярли мукаммал якуни, шундай эмасми? Шундай экан, агар у ғалаба қозонмаса, ҳайрон қоламан", - деди Оуэн AS билан суҳбатда.
2023 йилги "Олтин тўп"ни топшириш маросими 30 октябрь куни Парижда бўлиб ўтади. 2022 йилда бу соврин соҳиби "Реал"нинг собиқ ҳужумчиси Карим Бензема бўлган эди. 36 ёшли Месси айни дамда бу совриннинг етти карра соҳиби ҳисобланади. 2022 йилда форвард Аргентина терма жамоасидаги фаолиятида илк бор жаҳон чемпиони бўлди.