Барча-барчага янги йил, янги тонг муборак бўлсин! 2013 йилнинг фарахбахш тонгини қарши олар эканмиз, янги ниятлар ва янги орзулар-ла ўз олдимизга қўйган вазифалар сари интиламиз.
Ўзбекистонда, Uz-нетда спорт ва футбол журналистикасининг умри, тарихи ҳали узун эмас. Юортимизда футбол сайтлари фаолият юритаётганига бир неча йил бўлди холос. Аммо интернет сайтлар бугунги кунга келиб босма нашрларнинг ўрнини тўла эгаллаб бораётгани ҳаммамизга кундек равшан. Интернетнинг афзалликлари ҳақида тўхталиб ўтириш ноўрин. Анча-мунча имкониятларга эга бўлган интернетда турли ғоялар, турли янгиликлар қилишда давом этган сайтларнинг мухлислари кўпайиб бораверади. Энг асосийси ишлашда, ривожланишда тўхтаб қолмаслик керак.
Бундан роппа-роса бир йил аввал, аниқроғи, 2011 йилнинг 31 декабрь куни ўз фаолиятини бошлаган Stadion.uz сайти шу вақт давомида турли вазиятларни бошидан кечирди. Аввалига катта шиддат билан одимлашни бошлаган веб-сайт, кейинчалик ўз газетаси ("Стадион") каби йўқолиб кетишига ҳам бир баҳя қолди. Пастга қараб шўнғиб бораётган сайт июль ойида яна ўз қаддини тиклади ва юқорига кўтарилишни амалга оширди. Буниси мухлисларга маълум.
Бир томондан 1 йил жуда қисқа муддат. Иккинчи томондан эса мана шу бир йиллик муддатда сайтни маълум бир савияда ушлаб туриш учун озмунча меҳнат қилинмади. Бунинг учун суткасига 24 соат, ҳафтасига 7 кун, ойига 30 кун... хуллас, тинимсиз меҳнат ва изланиш лозим.
Инсон бир ишга меҳр қўйиб ишлашни бошлаганидан кейин, ундан воз кечиши қийин. Аксинча, меҳнатининг самарасини кўрган сари янги иштиёқ билан ишлашда давом этади. Сайтнинг бир ёшга тўлган кунда биз мухлисларга қандайдир оламшумул ваъдаларни бермаймиз. Лекин ният қиламиз, футболимиз ривожлансин, қизиқарли ўйинлар кўпайсин, терма жамоаларимиз ўзлари иштирок этаётган мусобақаларда ғолибликни қўлга киритсин ва энг асосийси миллий терма жамоамиз ниҳоят мундиал нафасини олиб кирсин, мухлисларимиз унинг тотли таъмидан лаззат олишсин. Ана шунда бизда ишлашга бўлган иштиёқ, мухлисларда эса сайтларни ўқишга бўлган қизиқиш йўқолмайди.
Барчангизни кириб келган йил билан табриклаймиз! Янги ютуқларни бирга нишонлаш насиб этсин!
Stadion.uz