"Актобе" клуби дастлабки йиғинни Қозоғистонда ўтказди. Футболчилар ўз уйларига жўнаб кетишди ва кейинги йиғин Туркияда ўтказилади. Ўзбекистонлик футболчи Темур Кападзе клуб фан-клуби сайтининг бир нечта саволларига жавоб берди.
— Темур, яхши дам олдингизми? Жароҳатдан тўлиқ фориғ бўлдингизми? Терма жамоа билан Эронга бордингизми?
— Жароҳатим у қадар жиддий эмасди. Тикланишим учун 2 ҳафта шуғулланмасликни айтишганди. Шу боис терма жамоа билан Эронга бормадим. Мураббий билан суҳбатлашдим ва таваккал қилмасликка қарор қилдик. Агар жароҳатни оғирлаштириб юборганимизда, узоқ вақт футбол ўйнай олмаслигим мумкин эди. Шунинг учун бир ой давомида ўзимга ҳеч қандай юклама бермадим. Ҳозир эса ҳаммаси жойида. Йиғинга келдим. Бир ҳафта шуғулландик. Менимча, ҳаммаси жойида, оғриқ йўқ.
Дам олиш учун эса Амирликларга бордик. Шунингдек, Испанияга — ўзим мухлислик қиладиган клубнинг ўйинига боришга ҳам улгурдим. Дўстим билан 3 кунлик йўлланмани олдик ва "Реал" - "Атлетико" ўйинига ташриф буюрдик. Мадрид дербиси менга ёқди. Боз устига, "Реал" 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Яхши кайфият билан уйга қайтдик.
— Мураббий ўзгаргани ҳақидаги хабарни қандай қабул қилдингиз?
— Бошида шокка тушдим. Владимир Васильевич билан яхши муносабатда эдик. Жуда яхши мураббий. Лекин футболда ҳеч ким боқий эмас. Яхши мураббийларни ҳам ишдан бўшатиш пайтлари учраб туради, лекин бу билан ҳаёт тугаб қолмайди. Ҳеч нарсага қарамасдан, футболчилар ўз вазифаларини бажаришлари лозим. Янги мураббий ҳам қандайдир янгилик олиб киряпти. Унинг ҳам ўзига яраша қарашлари, ўзига яраша фалсафаси бор. Биз эса машғулотда иштирок этишимиз, барча кўрсатмаларни бажаришимиз ва мухлисларни қувонтиришимиз лозим.
— Эндиги саволим Смаков ҳақида. Унинг бошқа жамоага ўтганини қандай қабул қилдингиз?
— Биз у билан дастлабки кунданоқ дўстлашганмиз. Бунгача бир-биримиз ҳақида орқаваротдан билардик. Клубга келганимдан кейин у билан яқиндан танишдим. У — жамоа юраги. Афсуски, у жамоани тарк этяпти, аммо бу унинг қарори. Барча йигитлар бундан хафа бўлишди, унинг қолишини истадик, аммо уни ҳам тушуниш керак. Самат энди ёш бола эмас, у ҳам ўзини бошқа савия, бошқа муҳитда синаб кўришни истайди. Бунгача ҳам унга таклифлар бўлиб турганди, бироқ у жамоа манфаати учун ҳеч қаёққа кетмаганди. Ҳар сафар буни кейинги мавсумга қолдириб келаётганди. Биз унга янги жамоасида ўйнаб кетиши ва жароҳат олмаслиги учун омадлар тилаймиз.
— Темур, минус 20 даражали совуқда аввал ҳам шуғулланганмидингиз?
— Йўқ, ҳеч қачон! Дастлабки йиғинга келганимизда шокка тушдик. Мен ҳар бир қўлимга иккитадан қўлқоп кийсам ҳам барибир совуқ қотдим. Терма жамоадаги йигитлар бундан кулишди. Уларга яхши. Қўнғироқлашганимизда сўраймиз - об-ҳаво қалай? Мен: ҳаммаси яхши — минус 20 даража! Уларда эса +20. Лекин инсон ҳамма нарсага кўникади. Ягона муаммо — майдон йўқ. Фақат югуриш билан чекландик.
— Янги йилни қаерда нишонлайсиз?
— Янги йил — оилавий байрам. Ҳар йил бу байрамни оила даврасида нишонлашга ҳаракат қиламан. Соат 12дан кейин одатда бизникига дўстларим келишади. Ресторан ҳақида гап бўлиши мумкин эмас, фақат уй.
— Темур, актобелик мухлисларга тилакларингиз.
— Янги йил билан табриклайман. Уларнинг барча истаклари рўёбга чиқсин. Барча яхшиликларни тилайман. Бизни қўллаб-қувватлаш учун стадионга келиб туринглар. Биз эса яхши футбол ва ижобий натижа кўрсатишга ҳаракат қиламиз.