Осиё Кубоги-2015 саралаш баҳсларига ОАВ ходимларини аккредитациядан ўтказиш жараёни 7 январдан бошланади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубоги-2015 саралаш баҳсларида «Е» гуруҳидан ўрин олган бўлиб, саралаш доирасидаги илк учрашувни 2013 йилнинг 6 февраль куни Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида Гонгконг терма жамоасига қарши ўтказади. Шунингдек, саралаш баҳслари давомида 15 октябрь куни Вьетнам ва 2014 йилнинг 5 март куни БАА терма жамоалари Тошкентда меҳмон бўлади.
Ушбу учрашувларни стадиондан туриб ёритишни мақсад қилган ОАВ ходимлари 2013 йилнинг 7-25 январь кунлари оралиғида аккредитация заявкасини ЎФФ матбуот хизмати электрон почтасига (media@the-uff.com) ёки факс орқали (+99871) 244-16-83 телефон рақамига жўнатишлари керак. Аккредитация заявкаси намунаси билан «Ҳужжатлар» бўлимидаги «Аккредитациядан ўтказиш тартиби» файлини кўчириб олиш орқали танишиш мумкин.
Маълумот ўрнида, 2013 йилдан ЎФФ Матбуот хизмати томонидан «Аккредитациядан ўтказиш тартиби» ишлаб чиқилган бўлиб, унда журналистларга аккредитация беришда улар ишлайдиган ОАВнинг муҳимлик даражалари белгилаб чиқилган. Жумладан, Ўзбекистон қонунчилигига асосан рўйхатдан ўтган ва кундалик ташриф буюрувчилари сони 5000дан ортиқ бўлган спортга ихтисослашган интернет-нашрларининг муҳимлик даражаси нисбатан юқори ҳисобланади.