Профессионал бокснинг биринчи ярим енгил вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Муроджон Аҳмадалиев мексикалик Кевин Гонсалесга қарши жанг қилади.
Ушбу жанг 16 декабрь куни АҚШнинг Аризона штатида жойлашган Desert Diamond аренасида ташкил этиладиган бокс оқшоми доирасида ўтказилади.
Қайд этиш жоиз, Муроджон иштирокидаги жанг WBA чемпионлик камари учун якуний элиминатор жанги бўлади. Яъни, жанг ғолиби WBA чемпионлик камари учун жанг қилиш ҳуқуқини қўлга киритади. Ҳозирда ушбу вазнда WBA йўналиши чемпиони филиппинлик Марлон Тапалес ҳисобланади. У 26 декабрь куни япониялик Наоя Иноуэ билан жанг қилади.
Муроджон фаолияти давомида 12 та жанг ўтказиб, 11 тасида ғалаба қозонган. Ўзбекистонлик боксчи апрель ойида филиппинлик Марлон Тапалесга қарши жангда мағлубиятга учраб, WBA ва IBF камарларини бой берганди.
Кевин Гонсалес эса проф боксда 26 та жанг ўтказиб, 25 тасида ғалаба қозонган. Битта жангда эса дуранг натижа қайд этилган.