2004 йилнинг ёзи "Ливерпул"ни жамоа сифатида энг кўп ўзгартирган давр бўлди. Рафаэль Бенитес янги мураббий сифатида олиб келинади. У бешта футболчини сотиб олади. Улар ичида ёш ва талантли Хаби Алонсо ҳам бор эди. У "Реал Сосьедад"да порлайди. Алонсо ўша афсонавий Истанбул финалида муҳим ўрин тутганди. Кейинчалик ҳам ярим ҳимоячи "Ливерпул"ни АПЛ чемпионлиги учун курашадиган клубга айлантиришда беқиёс хизмат қилади. Ҳа, Хаби Алонсонинг энг ёрқин даврлари асосан Испанияда, "Реал" сафида кечади. Шунга қарамай, "Байер Леверкузен" устозининг "Ливерпул"даги даври унинг кейинги муваффақиятларида муҳим рол ўйнаган. Хўш, 2004 йили мерсисайдликлар Хаби Алонсодан ташқари яна кимларни сотиб олганди ва уларнинг тақдири не кечди? Бу саволга қуйида жавоб топасиз.
Жибриль Сиссе
"Ливерпул"нинг бешта хариди ичида энг каттаси бу Сиссе эди. 22 ёшли ҳужумчи ўшанда Франциядан катта қаҳрамон сифатида олиб келинган. 2003/04 йилги мавсумни Сиссе 26 та гол билан якунлайди. Афсуски, футболчининг Англиядаги даври омадли кечмади. Даҳшатли жароҳатлар Сиссега ўйнаш имкониятини бермасди. Биринчи мавсум у учун 16 та ўйинда 4 тагина гол билан якунланади.
Хосеми
Бенитеснинг "Ливерпул"даги илк хариди айнан Хосеми эди. У Испаниянинг "Малага" клубидан олиб келинади. Бундан олдин марказий ҳимоячи уч мавсум Ла-лигада фантастик даражага чиққанди. Афсуски, у "Ливерпул"даги дастлабки ўйинида қизил карточка олади. Оқибатда, у асосий таркибдан тушиб қолади. 2005/06 йилги мавсум ўртасида Хосеми "Вильярреал"га йўл олади. Уни ЕЧЛ финалигача бўлган баҳслардаги ўйинлари билан эслаб қолганмиз.
Антонио Нуньес
Нуньес "Реал"нинг Галактикос таркибидан олиб келинган эди. Ҳа, у ҳам "Ливерпул"нинг Истанбул финалида иштирок этган. Аммо ярим ҳимоячи тиззасидаги жароҳати сабабли юксала олмайди. Нуньеснинг ўзи бу ҳақида шундай дейди: "Янги клубда сиз майдонда ўзингиздан яхшироқ таассурот қолдиришга ҳаракат қиласиз. Мен ҳам шундай қилишга уриндим. Аммо жароҳатим бунга йўл бермади. Тиззамдан жарроҳлик амалиёти ўтаганимдан кейин, аввалгидек ҳаракат қила олмай қолдим".
Луис Гарсия
Гарсия Бенитеснинг тўртта испан ватандошларидан бири эди. У Хаби Алонсо билан бир кунда сотиб олинган. Ҳужумчи "Ливерпул"даги биринчи мавсумида 13 та гол урган. Кейинги икки мавсум давомида эса 17 та голга муаллифлик қилди. 2007 йилда Гарсия яна "Атлетико"га қайтиб кетади. Уни биз ўша, "Ливерпул"ни Истанбул финалига олиб чиққан "арвоҳ гол"и билан эслаймиз.
ИСМАТОВ Ж.