Кириш Регистрация

"Барселона" "ремонт" қилиниши керак

Баҳо:
+ | -

"Барселона" сўнгги йилларда ўта қийин даврларни бошдан ўтказди. Гарчанд клубда молиявий муаммолар ҳалигача давом этаётганига қарамасдан, ўтган мавсум бу жамоа учун Испания чемпионлиги билан якунланди. Айни дамда, амалдаги чемпион номини ҳимоя қилишда Хави жамоасига нималардур етишмаяпти. Каталонияликлар 13 турдан кейин Ла-лигада учинчи ўринни эгаллаб турибди. Ҳатто, "Атлетико" ўз ўйинини ютиб олса, тўртинчи ўрингача тушиб кетиш хавфи ҳам мавжуд. Кутилмаган лидер бўлмиш "Жирона" турнир жадвалини 34 очко билан бошқариб турган бўлса, 32 очко тўплаган "Реал" энг яқин таъқибчи бўлиб турибди.
Хавининг янги мавсум учун тузган режалари асосида ЕЧЛда муваффақиятли иштирок этиш ётибди. "Барселона" гуруҳдаги илк 3 та ўйинда ғалаба қозонганди. Аммо сўнгги, "Шахтёр"га қарши баҳс мағлубият билан тугади. Бу эса гуруҳдан чиқиш масаласи ортга сурилганини англатади. Бу жамоада қилиниши керак бўлган ишлар бисёр. Уларни эса шу кунларда давом этаётган халқаро танаффуслардаги кичик муддат ичида бажариш керак. Қуйида Ла-лига ва ЕЧЛда яхшироқ натижаларга эришиш учун қилиниши керак ишлар ҳақида сўз боради. 

Голларни ярим ҳимоя вакиллари ҳам уриши керак

"Барселона"да гол уриш борасида катта муаммолар мавжуд эмас. Шунга қарамай, мавсумнинг шу қисмигача Хави шогирдлари "Жирона", "Реал" ва "Атлетико"дан камроқ гол урди. Қолаверса, ЕЧЛда ҳам гуруҳ етакчилари орасида энг кам гол каталонияликларга тегишли. Агарда киритилган голларни жамоа бўйлаб тақсимласак, уларнинг асосий қисми Левандовски ва Торрес ҳиссасига тўғри келаётганини кўрамиз (мос равишда 8 ва 5 тадан). Қизиқ томони, энг кам 1-2 тадан гол ярим ҳимоя вакиллари томонидан урилган. Ярим ҳимоянинг унумдор иши, бутун жамоани юқори марралар сари бошлаши ҳеч кимга сир эмас. Ҳозир Фермин ва Гави 2 тадан, Гюндоган ва Педри эса биттадан голга муаллифлик қилди. Ромеуда гол йўқ. Таққослаш учун "Манчестер Сити" билан ўтган мавсум давомида Гюндоган 11 та гол уришга эришган. Шундай экан, бу борада вазият яхшиланиши керак.

Футболчиларнинг барқарорларини танлаш керак

Мавсум бошланиши билан Хавининг тўқнаш келган энг жиддий муаммоси бу жароҳатлар эди. Ҳозир ҳам бир қанча жиддий йўқотишлар жамоа натижаларига таъсир этиб турибди. Масалан, Педри ва Де Йонг йўқ. Албатта, бу ўз навбатида ярим ҳимоянинг сермаҳсуллигига таъсир қилади. Педри яқиндагина қайтди. Де Йонг ҳам танаффуслар тугагунига қадар таркибда бўлади. Хави эса қайси футболчилар жамоага чемпионликни ҳимоя қилишда энг катта фойда беришини ўйлаб кўриши лозим. Шунингдек, терма жамоалардан жароҳат билан қайтадиган вакиллар ҳам бўлишини унутмаслик керак. Ярим ҳимоя борасида "Барселона"ни барқарор деб бўлмайди. Исталган вақтида вазият ёмон томонга ўзгариб қолади.

Ўйинларда доминантлик қилиш керак

"Барселона" атамаси тўпга эгалик қилиш билан маънодош десак, хато қилмаган бўламиз. Бу клуб яқин тарихида рақиблардан тўпга эгалик қилиш ва гол уриш борасида катта устунликка эга бўлиб келган. Жорий мавсумда, Хави шогирдлари баҳсларда рақибларни ҳар тарафлама ер тишлатишга қийналмоқда. Статистикаларда олдинги каби йирик устунлик кўзга ташланмаяпти. Шунингдек, голларда ҳам. Масалан, бу мавсумда, барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда, "кўк-анорранглилар" фақат учта учрашувда рақибни биттадан ортиқ тўп фарқи билан мағлуб эта олди холос ("Кадиз"га қарши 2-0, "Реал Бетис" ва "Антверпен"га қарши 5-0).
Қолганлар ҳолатларда ғалаба фақат бир гол фарқи билан юзага келтирилган бўлиб, бундай йўл билан чемпионликка эришиш мураккаб кечади. Яна бир мисол, "Барселона" лигада 3 та дурангга имзо чеккан. Ўша ўйинларнинг ҳеч бирини каталонияликлар устунлиги остида ўтганди дейа олмаймиз. Балки бу борада Хавига каттароқ таркиб ва ярим ҳимоячиларнинг сермаҳсуллиги ёрдам берар? Ўшанда бу клубдан яна йирик ғалабалар ва камроқ дуранглар кўрган бўлардик...

 

 

 

 

ИСМАТОВ Ж.

Манба: 90min.com
Киритилди: 18:57, 17.11.2023.
Ўқилди: 4636 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.