Кеча Бекобод шаҳрида Ўзбекистон U19 чемпионати ғолиби бўлган “Металлург U19” жамоасини шарафлаш маросими бўлиб ўтди.
Суперлига ҳамда Про лига жамоалари қошида фаолият юритаётган U19 ёшлар жамоалри ўртасида кечган муросасиз биринчиликда “Металлург” ёшлари 24 та ўйиннинг 18 тасида ғалаба қозонишди. 2 ўйинда дуранг қайд этишди ва 4 та учрашувда имкониятни бой беришди. Рақиблар дарвозасига 70 та гол киритган бекободлик ёшлар ўз дарвозаларидан 35 та тўп олиб чиқишди. Узоқ давом этган ва машаққатли кечган мавсум давомида “Металлург U19” 56 очко жамғарди ва мусобақа жадвалининг биринчи поғонасини банд этди. Энг яқин таъқибчилари – Қашқадарё вилояти футбол академияси тарбияланувчилари – “Насаф” ҳамда “Машъал” жамоаларини 1 очкога ортда қолдиришди.
“Металлург U19” муваффақияти тасоддифий эмас. Зеро бундан уч йил муқаддам “Металлург” футбол клуби мутасаддилари – Ўзбекистон металлургия комбинати ҳиссадорлик жамияти бошқаруви раҳбарияти клуб қошида футбол академияси барпо этиш ғоясини илгари суришган ва қисқа фурсат ичида жаҳоннинг энг машҳур клуби – “Реал” (Мадрид) футбол академияси билан ҳамкорликда фаолият юритувчи замонавий футбол даргоҳини ишга туширишди. Бу саъйи ҳаракатлар эса қисқа фурсат ичида ўз мевасини бера бошлади. “Металлург” футбол академиясининг биринчи битирувчилари – биринчи қалдирғочлари Ўзбекистон U19 чемпионатида шоҳсупанинг юқори поғонасини забт этиб, таъсисчилар ҳамда мухлислар ишончини оқлади.
“Металлург U19” жамоасини шарафлаш маросими тантанали тарзда ташкиллаштирилди. Даставвал академия тарбияланувчилари томонидан тайёрланган бадиий қисм йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди. Шундан сўнг Бекобод шаҳар ҳокими Насрулло Бобоев, “Металлург” ПФК бош мураббийи Веско Стешевич, ЎзПФЛ мусобақалар ўтказиш бўлими бошлиғи Сардор Қудратуллаев, “Металлург” ПФК бош директори Шавкат Саидовлар “Металлург U19” жамоасини Ўзбекистон чемпионатидаги муваффақият билан қутлашди. “Металлург U19” жамоаси футболчилари ҳамда мураббийларига чемпионатнинг олтин медаллари, дипломлар, Ўзбекистон U19 чемпионати Кубоги ҳамда клуб томонидан таъсис этилган эсдалик совғалари, пул мукофотлари топширилди.
“Металлург U19” жамоаси бош мураббийи Шуҳрат Йўлдошев мураббийлар штаби ҳамда футболчилар номидан йиғилганларга, клуб раҳбарияти, ЎзПФЛ вакиллари, таъсисчиларга ва меҳмонларга катта эътибор ва қутловлар учун самимий миннатдорчилик билдирди.