Биз айни дамда мавсумнинг энг тиғиз қисмига йўл оляпмиз. Шу сабабли футболчиларга иш кўпаяверади. Катта клублар асосий юлдузларини майдонда кўпроқ иш бажаришга ундайди. Буни тушунса бўлади, албатта. Премьер-лигада энг кўп майдонда бўлган юлдузлар номи маълум қилинди. Бу маълумот "Арсенал" мухлисларига ёқмаслиги мумкин. Негаки, Артета жамоасидан фақат уч киши топ-10 рўйхатда бор. Бу дегани "Арсенал"да кўп ротация бўлмоқда. Масалан, бу борада Деклан Райснинг кўрсаткичи қуйидагича: 105 миллионлик футболчи 1484 дақиқа давомида майдонда ҳаракат қилган. Кучли ўнталикда яна Бен Уайт ва Вильям Салиба ҳам ўрин эгаллади.
"Арсенал" ўтган мавсум охирларида "Манчестер Сити"га чемпионликни бой бериб қўйганди. Бу эса айнан Салибанинг март ойида олган жароҳати сабабли юз берди. Оқибатда, қолган 12 турда тўпчилар устози Роб Холдингдан фойдаланди. Агарда "Арсенал" асосий таркибни балансли ушлаб турмаса, у ҳолда ўтган мавсумдаги ҳолат қайтарилиши мумкин.
"Астон Вилла"ни ҳам эҳтиёткорликка чорлаш учун сабабимиз етарли. Бу жамоа еврокубокларга қайтгани муносабати билан, ўйинлари сони кўпайиб кетди. АПЛнинг ўзида Унаи Эмери шогирдларидан учтаси жорий рўйхатга кирди. Эзри Конса, Жон Маггин ҳамда Лука Динларнинг ҳар бири 1500 дақиқадан ортиқ вақтни майдонда ўтказишди. Айни дамда бирмингемликлар турнир етакчиси "Манчестер Сити"дан 3 очкога ортда қолмоқда.
Дарвозабонлар Ник Поуп ҳамда Андре Онаналар жадвал аввалидан ўрин эгаллаган. Хусусан, Онана ҳозирга қадар "МЮ"нинг ҳар бир баҳсида майдонда эди. "Шаҳарликлар" сафида Эрлинг Холанд ҳамда Кайл Уокерлар энг кўп фойдаланилган вакиллардир. Ҳозирда Холанд жароҳат олди. Шу сабаб "Манчестер Сити" рақиблари хурсанд бўлса керак. Лекин у тез орада қайтади. Ўтган мавсумда фақатгина 3 та ўйинни ўтказиб юборганини ҳисобга олсак, Холанднинг тез қайтишини табиий қабул қилиш мумкин.
ИСМАТОВ Ж.