Суперлига 25-туридан ўрин олган Олимпик – Навбаҳор (2:1) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Самвел Бабаян ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Бугун ўйинимиз яхши бўлмади, айниқса, биринчи бўлимда. Чемпионатдаги тўхталишлар бизга қийинчилик туғдирди. «Бунёдкор» билан учрашувда нисбатан яхши ўйин кўрсатгандик. Бугун эса биринчи бўлимни кўнгилдагидек ўтказа олмадик. Бу нима билан боғлиқ? Биласизми, менимча психологик муаммо билан боғлиқ деб ўйлайман. Иккинчи таймда яхши ўйнаган бўлсакда, афсуски, тўп дарвозага киришни хоҳламади. Нима ҳам дейишим мумкин?
«Олимпик»ни ғалаба билан табриклайман. Рақиб яхши ҳимояланди ва яхши ҳужумга ўтди. Умуман, яхши футбол кўрсатди. Ҳар томонлама сифатли ўйин намойиш этди. Ўрни келганда айтишим мумкинки, голлар ҳам чиройли даражада бўлди. Бугун «Навбаҳор»нинг куни эмас экан. Нима ҳам дердим? Чемпионатдаги интрига тугади. Бу мавсумдаги натижаларни таҳлил қилиб чиқишга яна озгина вақт бор деб ўйлайман. Аввало, олдимиздаги учта ўйинни яхши ўтказиб олишимиз керак. Шундан сўнг 2023 йилги натижаларни таҳлил қилсак бўлади.
Яхшибоев ҳозирги кунда даволаняпти ва айни пайтда реабилитация жараёнини ўтаяпти. Уни терма жамоага чақиришганини сабаби, Машарипов кутилмаганда терма жамоа билан сафарга бормайдиган бўлиб қолганди. Шу боис Яхшибоевни термага чақиришган.
Мавсум бошида олдимизга қўйилган вазифани бажара олмадик. Бу аниқ факт. Мавсумдаги охирги ўйинимизни ўтказиб олганимиздан кейин ҳаммасини кўриб чиқамиз. Нимага эришдик ва нимага эриша олмадик, ана шунда барчасини таҳлил қиламиз. Кубок ҳам, чемпионлик ҳам бизга насиб қилмади. Нима учун мақсадимизга эриша олмадик? Буни албатта ўрганиб чиқамиз.
Тан оламан, бизда тажрибали мураббий Алекса Бошкович ишлади. Афсуски, у ҳозир клубда йўқ. Уни кетиши оилавий сабаблар билан боғлиқ. У билан кеча астойдил гаплашиб олдик. Ўйлайманки, «Навбаҳор» футболчиларининг ҳозирги жисмоний тайёргарлиги аъло даражада. Агар бу борада муаммо бўлганида жамоамиз бугун 98 дақиқа давомида ҳужум қила олмасди. Айтишим керакки, Бошкович ўрнида маҳаллий мутахассис Шерзод Жўраев ҳам яхши ишлаяпти. Унинг ўрнини билдирмасдан юқори даражада меҳнат қиляпти”, – деди Бабаян.