Сўнгги 1-2 кунда Максим Шацких билан уюштирилган қисқа-қисқа интервьюлар сайтларда берилди. Унда "Арсенал" клубининг ҳозирги ҳолати, Шацкихнинг терма жамоа сафида хайрлашув учрашувини ўтказиш борасидаги фикрлари ҳақида ўқидингиз. Қуйида эса интервьюнинг тўлиқ кўриниши билан танишиб олишингиз мумкин.
— Максим, "Арсенал" атрофида юзага келган мураккаб вазият янги йил арафасида кайфиятингизга салбий таъсир кўрсатдими?
— Йўқ. Ишда юзага келган нохушликни оилага кўчириш шартмас. 2013 йилни ўзим истагандек қадрдонларим ва яқин дўстларим даврасида кутиб олдим. Салютлар отдик, турлича хурсандчиликлар қилдик. "Янги йилни қандай кутиб олсанг, уни шундай ўтказасан", деган мақолга кўра, йилни шундай ўтказаман деб ўйлайман.
— Таътил давомида дам олишга улгурдингизми?
— Албатта! Янги йилгача оилам ва дўстларим билан Маврикийга учдик. У ер бизга жуда ёқди. Океанда катамаранда учдик, балиқ тутдик. Дам эмас — эртак!
— Катта балиқ тутдингизми?
— Бешта балиқ тутдим. Бир пайтлар тутганим - 35 килолик сом эмасу, аммо натижа ёмон эмас. Балиқ овидан мақсад қандайдир натижага эришиш эмас, жараённинг ўзи муҳим. Бу томонлама таътилимдан тўлиқ қониқиш ҳосил қилдим.
— Якунланган мавсумда қайси ўйинни драматик дея айта оласиз: мавсум бошида "Шахтёр"дан учралган йирик мағлубият, Европа лигасидан чиқиб кетиш ёки жамоанинг тақдири номаълум бўлиб тургани?
— "Кончилар"га қарши ўйиндаги мағлубиятни мен унутворганман. Ўша ўйинда жамоанинг барча аъзолари бир қатор хатоларга йўл қўйгани учун жазоландик. Кейинчалик эса ўша ўйиндан тўғри хулоса чиқардик ва "Шахтёр"ни Киевда мағлуб этдик.
"Мура" билан ўйиндан кейин Европа лигасини тарк этганимиз — бу раҳбариятнинг қўпол хатосидан бошқа нарса эмас. Биз бир йил давомида Европа лигасида иштирок этиш учун тиним билмай меҳнат қилдик, мусобақада ҳам имкон қадар узоқроққа боришни мақсад қилгандик, аммо ҳаммаси ҳавога учиб кетди. Буни қабул қилиш осон бўлмади.
Клубнинг ҳозирги ҳолати — ҳақиқатан ҳам тушунарсиз ва аянчли вазият.
— Дарвоқе, "Арсенал"нинг тақдири қандай кечишидан қатъи назар, сиз Украина чемпионатида қолишингиз керак. Сиз нафақат "гол+пас" кўрсаткичи бўйича энг яхши натижага эгасиз, балки ассистентлар рўйхатида Валентин Белькевичга етиб олдингиз!
— Ростданми? Буни Валикка айта кўрманг (кулади). Мен рейтингларни кузатиб бормайман. Турмуш ўртоғим ва дўстларим статистикамни юритишади ва улар менга бу ҳақда хабар бериб туришади. Бир марта шундай бўлгандики, қандайдир шахсий рекордни қайд этишим мумкин бўлган ўйинда, мен буни билардим, атай қилгандек, вазиятни қўлдан чиқаргандим. Шунинг учун бундай рекордларга кўп эътибор қаратмайман.
— Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штаби муваффақиятларингизни кузатиб боришмоқдами?
— Билмадим. Яқинда терма жамоада бош мураббий ўзгарди. Ҳозирги бош мураббий Миржалол Қосимов асосан маҳаллий чемпионатда тўп сураётган футболчиларнинг хизматларидан фойдаланмоқда. Ҳозирча йигитлар қайд этаётган натижалар ёмон эмас. Улар саралаш гуруҳида 1-ўринда боришмоқда.
— Демак, келаси йили ёзда Максим Шацких жаҳон чемпионатида дебют қилиши мумкин экан-да?
— Менимча, йўқ. Агар менга терма жамоа мураббийларидан таклиф тушадиган бўлса, мен бу таклифдан бош тортаман. Ўзининг пешона тери ва меҳнати билан Ўзбекистонни жаҳон чемпионатига олиб чиққан ёш футболчининг ўрнини эгаллаб олиш нотўғри бўлади.
Фақат Ўзбекистон футбол федерациясидан мухлислар билан хайрлашиш учун ўртоқлик ўйинида майдонга тушиш имкониятини яратиб беришларини сўрардим.
—Клуб миқёсида фаолиятингизни якунлашни ўйламаяпсизми?
— Йўқ, ҳали эрта. Ҳали кучга тўламан ва юқори савияда ўйнаш олишимни ҳис қиляпман. Украина чемпионатида кўп мураббийлар футболчининг майдондаги ҳаракатларига эмас, унинг паспортига қарашни яхши кўришади. Лекин организмимдан ўзимдан кўра ҳеч ким ўзимдан кўра яхшироқ билмайди.
Мисол учун, узоққа бормайлик, ёши мендан улуғ бўлган футболчилар — Райан Гиггз, Алесандр Грицай, Хавьер Занетти, Олег Шелаев қандай ўйнашаётганига эътибор беринг. Ёмон футболчилар эмас. Шундай эмасми?