Кириш Регистрация
20/11 01:00 Боливия 2-2 Парагвай
20/11 04:00 Колумбия 0-1 Эквадор
20/11 05:00 Аргентина 1-0 Перу
20/11 05:00 Чили 4-2 Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия 1-1 Уругвай
21/11 18:00 Пахтакор 0-2 ОКМК
22/11 16:00 Нефтчи - Насаф
22/11 18:15 Қизилқум - Навбаҳор

«Олтин тўп»-2023ни қўлга киритган аёл футболчига назар (видео)

Баҳо:
+ | -

Каталониянинг «Барселона» аёллар жамоаси вакили Айтана Бонмати чиндан ҳам, кўпчилик учун орзу мисоли мавсум ўтказди. Якунда ярим ҳимоячи аёллар футболи йўналишида «Олтин тўп» соҳибасига айланди. Алоҳида айтиш керак, худди эркаклар футболида бўлгани каби аёллар йўналишидаги сўровда ҳам ҳеч қандай «интрига» йўқ эди. Бинобарин, «Барселона» етакчиси мавсум бўйи дарҳақиқат, феноменал даражада ўйнади. Айтана Париждаги гала-оқшомда аввало, Хосеп Гвардиола («Манчестер Сити» бош мураббийи Бонматини дунёдаги энг севимли аёл футболчи сифатида таърифлаганди)ни эслади, шунингдек, ўз кумирларига тўхталди, жумладан, Лионель Мессига ҳурмат бажо келтирди.

ЧИРОЙЛИ НУТҚ

Айтана Бонмати «Олтин тўп»­ни қўлга олар экан, қисқача гапирди, лекин чиройли: «Футбол жамоавий ўйин ва бу совринни аввало, жамоадошларим, клуб   ходимлари, мен билан бирга ишлаганларга бағишламоқчиман. Шунинг­дек, «Олтин тўп»га даъвогарлик қилган рақибаларимни ҳам муваффақиятли мавсум билан табриклашим керак. Майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам зиммамизда катта масъулият бор. Зеро, ёш қизларга ҳар томонлама ўрнак бўлишимиз керак. Қисқаси, шунчаки, спортчи мақоми билан чекланиб қолмасдан янада тинчроқ, яхшироқ, тенгроқ дунё учун биргаликда курашишдан чарчамаслигимиз зарур. Охирги жаҳон чемпионати финали арафасида Хосеп Гвардиоланинг мени «Аёл-Иньеста» қабилида мақтагани роса ёқди. Чунки Пеп мен учун - чин намуна тимсоли. Ҳа, футболчи ролида Гвардиола билан йўлларимиз кесишмади, муҳими, Хави, Иньеста ва Месси каби ижрочилар билан «Барcа»нинг олтин даврга етаклаганини бевосита кузатдим. Бу - ҳаётимдаги энг ажо­йиб кунлар, севимли клубим ютуқларидан чинакам бахтиёрликни туйганим рост».

Бонмати France Football наш­ри сўровининг якуний тўртлигида «Челси» клуби ва Авс­тралия термаси вакили Сэм Керр, шунингдек, ўз жамоадошлари Фридолина Рольфе ҳамда Сальма Паральюэлни ортда қолдирди. Айтана саҳнада «Барселона» президенти Жоан Лапорта хизматини ҳам алоҳида эътироф этиб, унга аёллар футболи йўналишига эътибори, клуб ривожига қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирди. Дарвоқе, тантанали кечада «Барселона» аёллар клуби ўз йўналишида йилнинг энг яхши жамоаси сифатида тан олинганини ҳам айтиш ўринли. Умуман, аёллар футболида «Олтин тўп» 3 йилдан буён «Барселона» вакилаларидан ортмаяпти. Бунга қадар Каталония клуби ярим ҳимоячиси Алексия Путельяс қаторасига 2 марта дунёнинг энг яхши аёл футболчиси мақомига эришганди. У 2022 йилнинг ёзида жиддий жароҳатга йўлиққач, майдондаги позициясини айнан Айтана Бонмати тўлиқ ёпди. Оддий айтганда, «Олтин тўп»-2023 соҳибаси бош ролга чиқди, кўп қиррали футболчи эканлигини амалда исботлади. Айтана турли позицияларга тез мослашиши, ҳаттоки, ҳужумда асосий ижрочига айлангани билан кўзга ташланди. 

БОНМАТИ ВА «БАРСА» МУҲАББАТИ - АЖИБ ҲИКОЯ

Каталониялик 25 ёшли Айтана Бонмати «Ла Масия» тарбияланувчиси ҳисобланади. У 14 ёшидан «Барселона» академиясида таҳсил ола бошлаган ва ҳар куни вақти келиб, «Камп Ноу»да ўйнаш орзусида жиддий шуғулланган. Қойил, Айтана якунда ўз мақсадига эришди. У атиги 4 йилдан ке­йин, яъни 18 ёшида «Барса» аёллар секторининг асосий жамоаси сафига қўшилди. Орадан 7 йил ўтдики, Айтана ҳамон севимли клуби билан бирга. Хоним ортда қолган вақт мобайнида «Барселона» билан 4 марта Испания чемпиони бўлди ва Чемпионлар Лигасида икки бора зафар қучди. Айтана айниқса, ўтган мавсум қойилмақом статистика қайд этди: Испания «F»-лигасида «Гол+пас» тизими бўйича 19 очко (9та гол ва 10та ассист), шунингдек, ЧЛнинг 11та ўйинида 5та гол. Асосийси, қаҳрамонимиз август ойида Австралия ва Янги Зеландияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида юқори эффектни сақлаб қолди: турнир доирасидаги 7та ўйинда ҳам майдонга тушган ярим ҳимоячи Испания миллий жамоаси учун 3та гол уришдан ташқари, яна 2тасига ҳаммуаллифлик қилди. Якунда испанлар финалда Англия термасидан устун келишди ва Бонмати ЖЧ-2023нинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. «Бахтимга, аёллар футболига кучли эътибор қаратадиган клубдаман. Очиғи, машғулотларни бошлаган вақт профессионал футболчи учун зарур барча шарт-шароитларга эга бўлишни хаёлимга ҳам келтирмагандим, - деганди Айтана Чемпионлар Лигаси финали арафасида берган интервьюсида. - Ҳаёт шу қадар тез ўтмоқдаки, улғайиб бораётганингни мутлақо сезмай қоласан. Гоҳо вақтида «Кубельес» ёки «Рибес» каби эркаклар жамоаларида шуғулланганимни эслайман. Тўғриси, ўшанда келажакка умидим йўқ эди. Чунки аёллар футболи аҳамиятсиздек эди, унга ўзингни профессионал даражада бағишлолмасдинг. Муҳими, тақдир мени «Барселона»дек клубга етаклади ва бугунги ҳақиқат шуки, бундан тўлиқ фахрланаман».

Айтана Бонмати мавсум-2022|2023 да

(соврин ва натижалари)

- Испания чемпиони

- Испания суперкубоги соҳибаси

- Европа Чемпионлар Лигаси ғолибаси

- Жаҳон чемпиони

- ЖЧ-2023нинг энг яхши футболчиси («Олтин тўп»)

- УЕФА талқинида йилнинг энг яхши футболчиси

- «Олтин тўп»

Аёллар футболи йўналишида «Олтин тўп» эгалари

2018 йил: Ада Хегерберг («Лион», Норвегия)

2019 йил: Меган Рапино («ОЛ Рейн», АҚШ)

2020 йил: соврин топширилмади

2021 йил: Алексия Путельяс («Барселона», Испания)

2022 йил: Алексия Путельяс («Барселона», Испания)

2023 йил: Айтана Бонмати («Барселона», Испания)

А.АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 16:23, 25.11.2023.
Ўқилди: 1733 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.