Кириш Регистрация
20/05 00:00 Лорьян 5-0 Клермон
20/05 00:00 Монако 4-0 Нант
20/05 00:00 Лилль 2-2 Ницца
20/05 00:00 Лион 2-1 Страсбур
20/05 00:00 Реймс 2-1 Ренн
20/05 00:00 Ланс 2-2 Монпелье
20/05 00:00 Тулуза 0-3 Брест
20/05 00:00 Гавр 1-2 Марсель
20/05 00:00 Метц 0-2 ПСЖ
20/05 19:00 Динамо 1-1 Пахтакор
20/05 19:00 Сурхон 0-1 Насаф
20/05 21:30 Салернитана 1-2 Верона
20/05 23:45 Болонья - Ювентус

Универсиада муносабати билан «Бухоро» стадионига янги табло ва ёритгичлар ўрнатилади

Баҳо:
+1 | -

Президент Ислом Каримов раҳнамолигида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, навқирон авлоднинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қулай шароит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган болалар, ўсмирлар ҳамда ёшларни спортга жалб этишнинг узлуксиз, ноёб, уч босқичли тизими – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари юртимизда ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Олий ўқув юртлари талаба ёшлари ўртасида ўтказиб келинаётган Универсиада баҳсларининг навбатдагиси 2013 йилда Бухорода ўтказилади. Айни вақтда вилоятда ушбу йирик мусобақага қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Мусобақанинг очилиши ва ёпилиш маросимлари ҳамда енгил атлетика беллашувлари ўтказиладиган “Бухоро” спорт мажмуаси “Универсиада – 2013” мусобақалари муносабати билан амалга ошириладиган тадбирлар – жаҳон талабларига жавоб берадиган йирик ҳажмли электрон табло, замонавий ёритгичлар ўрнатиш, югуриш йўлакчаларидаги сунъий қопламаларни янгилаш, мажмуа атрофини ободонлаштириш, автомобиллар турадиган жойларни таъмирлаш самарасида янада замонавийлик ва мукаммаллик касб этади.

Вилоят марказидаги “Ҳумо” ва “Дилкушо” теннис мажмуалари, Бухоро олимпия захиралари коллежининг спорт зали, ”Семурғ” спорт мажмуаси, ”Динамо” спорт зали, Бухоро юқори технологиялар муҳандислик-техника институти очиқ спорт мажмуаси ҳам Универсиада спорт беллашувларини ўтказиш учун шай ҳолатга келтирилмоқда.

Айни пайтда Бухоро давлат университетида замонавий спорт зали барпо этилаётир. Мазкур иншоот ёнидаги футбол, волейбол, баскетбол, қўл тўпи майдонларидан иборат мажмуа капитал таъмирлангач, ҳудуд ўзига хос замонавий спорт марказига айланади.

Мусобақа иштирокчиларининг яшаши учун жами 2490 ўринли талабалар турар жойлари босқичма-босқич таъмирланмоқда.

Универсиада мусобақалари муносабати билан шаҳарда бунёдкорлик ишлари кўлами янада кенгаяди. “Бухоро” халқаро аэропорти ва Когон шаҳридан вилоят марказигача бўлган йўллар ва ўндан зиёд асосий кўчаларда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Жумладан, кўчалар ёқасидаги бино ва иншоотлар замонавий кўркам қиёфа касб этиб, шаҳар марказий кўчаларидан ўтувчи умумий узунлиги 20,5 километрдан иборат йўллар таъмирланади.

Универсиада спорт мусобақалари мамлакат талаба ёшлари ҳаётидаги унутилмас воқеадир. Шу боис ушбу катта спорт байрамини юксак савияда ўтказишга вилоят аҳли ҳам ҳар томонлама ҳисса қўшмоқда. Яқинда ташкил этилган “Универсиада – 2013” хайрия ҳашари ана шу эзгу саъй-ҳаракатларнинг ўзига хос ёрқин ифодаси бўлди.

Вилоятда ўтадиган Универсиада баҳсларига бухоролик ёшлар ҳам қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Улар орасида мамлакатимиз шарафини халқаро мусобақаларда муваффақиятли ҳимоя қилиб келаётган ёш спортчилар ҳам бор. Эътиборлиси, уларнинг кўпчилиги аввалги Универсиада беллашувларида ўз маҳоратини оширган. Бинобарин, мазкур мусобақалардан кўзланган мақсад ҳам ёшлар орасидан янги номларни кашф этиш, уларни янада чиниқтириб, маҳорат ва тажрибасини оширишдир. Масалан, 2002 йилги Универсиадада курашчилар Шуҳрат Хўжаев, Рамзиддин Саидов, футбол бўйича мамлакат миллий терма жамоаси аъзоси Улуғбек Бақоев, дзюдо бўйича икки карра жаҳон чемпиони, Пекин ва Лондон Олимпиадалари бронза медаллари совриндори Ришод Собиров кашф этилган эди.

“Умид ниҳоллари” ва “Баркамол авлод” мусобақаларида тобланиб, катта спортга йўлланма олган уларнинг издошлари навбатдаги Универсиадада бу анъанани муносиб давом эттиришига ишончимиз комил.

Мазкур мусобақаларда иштирок этадиган ёшларни аниқлаш мақсадида вилоятдаги тўрт олий ўқув юртида дастлабки саралаш босқичи мусобақалари ўтказилди. Унда ўз маҳоратини намойиш этган спортчи талабалар ўқув юртлари ўртасида ўтказилган баҳсларда иштирок этди.

– Баскетболчи ёшларимиз Андижонда ўтказилган “Универсиада – 2010” мусобақаларида учинчи ўринни қўлга киритган эди, – дейди вилоят терма жамоаси бош мураббийи Игорь Бурнашев. – Албатта, ўтган давр мобайнида терма жамоамиз таркиби анча такомиллашди. Масалан, жамоага янги қўшилган Рустам Мингазов, Дадмер Ашеров, Олег Филин каби ёшлар олий лига жамоалари ўртасидаги мамлакат чемпионатида совриндорлар сафидан жой олиш учун интилаётган “Университет” жамоаси таркибидан мустаҳкам ўрин эгаллашган. Қолаверса, уч нафар баскетболчимиз Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ҳисобланади. Йигитларимиз бу галги мусобақаларда олтин медаллар учун курашади.

Бухорода кучли дзюдо мактаби ҳам шаклланган. Бош мураббий Рустам Тўраевнинг айтишича, мамлакат чемпионатлари ва халқаро мусобақаларда чиниққан Руфат Раҳматуллаев, Ҳайит Темиров, Очил Ҳусанов, Миржон Тўхтаев каби спортчи ёшлардан ташкил топган жамоа кучлилар сафидан ўрин олиш учун астойдил шуғулланмоқда. Тайёргарлик жараёнида уларга дунёга машҳур бир неча полвонлар тарбияланган Олот туманидаги 7-олимпия ихтисослаштирилган спорт мактаб-интернатининг тажрибали мураббийлари яқиндан ёрдам бермоқдалар.

Бухоролик талаба ёшлар Универсиада мусобақалари дастуридаги 12 спорт турининг барчасида совринли ўринлар учун кураш олиб бориши шубҳасиз.

Вилоят терма жамоаси асосан Бухоро давлат университети вакилларидан шакллантирилмоқда. Лекин саралаш баҳсларида Бухоро юқори технологиялар муҳандислик-техника институти, тиббиёт институти ҳамда Тошкент ирригация ва мелиорация институти Бухоро филиали талабалари орасидан ҳам кўплаб истеъдодлар кашф этилиб, терма жамоа таркибига жалб этилди. Ҳадемай, ҳар бир спорт тури бўйича жамоалар учун тайёргарликнинг якуний босқичи бошланади. Ҳозирлик жараёнида улар пойтахтимиз ва бошқа шаҳарларда ўтказиладиган турнирларда иштирок этиб, тажриба ва маҳоратларини янада оширадилар.

Манба: www.uza.uz
Киритилди: 14:22, 13.01.2013.
Ўқилди: 6402 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.