"ПСЖ" ҳужумчиси Златан Иброҳимович бош соврин Лионель Мессига насиб этган "Олтин тўп" топшириш маросими натижаларига ғалати тарзда фикр билдирди.
"Майли, Мессида тўртта "Олтин тўп" бўла қолсин, аммо мен автоматдан шоколад сотиб олаётганимда оёғим остига қутича қўймайман. Криштиану Роналду эса Мессига совринлар топширилишининг доимий томошабини. У финалчилар учлигига лойиқ эмас, ундан яхшироқ камида ўн киши бор", - дея футболчининг сўзларини келтиради Canchallena.
Эслатиб ўтамиз, Иброҳимович 2012 йилги "Олтин тўп" совриндорлари қаторига киритилмаган.
Таъкидлаш жоиз, Иброҳимович тез-тез бундай антиқа фикрлар билдириб туради. Ўтган йилнинг октябрь ойида Балотеллини "Барселона"га лойиқ кўриб, "ўртаҳол жамоа учун ўртаҳол ўйинчи" деган жумлани ишлатган бўлса, ўзининг автобиографик китобида "Барселона"даги собиқ мураббийи Хосеп Гвардиола шаънига ҳам ёқимсиз сўзлар ёзган эди.