Англия Премьер-лигасининг энг қайноқ даврига ҳам етиб келяпмиз. Олдимизда бизни boxing day кунлари кутиб турибди. Йил охирлаётганидан фойдаланган ҳолда, АПЛнинг 2023 йилги календар жадвалини тузиб чиқдик. Унда "Астон Вилла" худди ҳозиргидек кучли тўртталикда турганини кўриш мумкин. "Челси" эса хавфли зонага жуда яқин жойлашган. 2023 йил аввалида катта пул эвазига "Челси" Энцо Фернандес ва Михаил Мудрикни сотиб олган эди. Аммо мавсум охирида бу жамоа ўз тарихидаги энг ёмон финишларидан бирини қайд этди. "Челси" 2023 йилги мавсумларда фақат 8 та ғалаба қайд этди. Жамоани эса 4 хил мураббий бошқарди. Бунинг оқибатида ўтган мавсум 12 ўринда тугади. Бунисида эса лондонликлар 10 поғонада турибди.
Охирги марта "Челси" 1995-96 йилги мавсумда юқори ўнталикдан пастда қолганди. 1993-94 йилда эса бу жамоа мавсумда 14 ўринда якунлайди. Ҳозир ҳам "Челси"нинг битмас азоблари давом этмоқда. 2023 йилги календар жадвалида клуб 15 ўриндан жой олиб турибди. Почеттино жамоаси 36 та ўйинда 36 очко йиға олган холос. Масалан, "Ноттингем Форест" ва "Кристал Пэлас" "аристократлар"дан яхшироқ поғонада турибди. Улар 35 та баҳсда 38 очко тўплашга эришган.
Календар жадвалда кучли тўртлик ўтган мавсум охиридаги кўринишдан бошқачароқ тус олди. Хусусан, етакчи 82 очко тўплаган "Манчестер Сити" бўлса, иккинчи ва учинчи ўринда
71 очко билан "Арсенал" ва "Астон Вилла" жойлашган. "Ливерпуль" эса тўртинчи поғонада 67 очко тўплаган ҳолда турибди. Ўтган мавсумда кучли тўртликда бўлган жамоалар "МЮ" ва "Ньюкасл" бешинчи ва олтинчи ўринга тушиб қолганини кўриш мумкин. Уларнинг ўрнини эгаллаган Унаи Эмери жамоаси жорий мавсумни ажойиб бошлади. Бу клуб 9 та ғалаба қайд этиб, ўз уйида мағлубиятга учрамади. "Ливерпуль" эса "МЮ" билан бир хил очколар йиғимига эга. Гарчанд бу мавсумда анча қийналаётган бўлса ҳам, Эрик тен Хаг жамоаси "Ньюкасл"дан 7 очко одимлаб кета олди.
Ангелос Постекоглу бошчилик қилаётган "Тоттенхэм" бу йилги натижасига кўра 8 ўриндан жой олди. Жадвал охиридан олтита жамоа ҳам жой олган. Аммо улар мавсумлар оралиғидан келган ва кетган клублар саналади. Шу сабабли ҳам уларда очко анча кам. "Челси"дан кейин "Эвертон" ва "Борнмут" бор. Аммо улар Почеттино жамоасидан атиги 1 очко кам тўплаган холос. Ушбу жадвал ҳали бир ой давомида яна ўзгаради. Йил охирроғида календар жадвалини қайтадан тақдим этамиз.
ИСМАТОВ Ж.