«Пахтакор»нинг ОЧЛ-201даги илк учрашувини жанубий кореялик дебютант ҳакам бошқаради.
2012 йилги Ўзбекистон чемпиони, Тошкентнинг «Пахтакор» клуби 2013 йилги ОФК Чемпионлар лигасидаги илк учрашувини 26 февраль, сешанба куни ўтказади. Шу куни «В» гуруҳи 1-тур ўйинлари доирасида Саудия Арабистонининг «Ал-Иттифоқ» жамоаси «Пахтакор» стадионида меҳмон бўлади. Учрашувни жанубий кореялик ва ҳиндистонлик ҳакамлардан иборат бригада бошқариб боради.
Жумладан, жанубий кореялик ёш ҳакамлардан бири ҳисобланган Ким Жонг Хёк учрашув бош ҳаками этиб тайинланган бўлса, унга қанотларда ватандошлари – Юн Кванг-Йол ва Жи Сёнг Мин ёрдам беради. Ҳиндистонлик Сингҳ Пратап учрашувнинг тўртинчи ҳаками сифатида қайд этилган.
29 ёшли Ким Жонг Хёк Жанубий Кореянинг ёш ва иқтидорли ҳакамларидан бири ҳисобланади. У шу ЖЧ-2014 саралаш дастлабки босқич ўйинларида, ОФК Президенти Кубоги, ОФК Чақирув Кубоги, ОФК Кубоги баҳсларида ҳакамлик қилган, шунингдек, муҳим аҳамиятга эга бўлган аксарият ўйинларда тўртинчи ҳакам сифатида ишлаган. Жумладан, Қарши «Насаф» ва Кувайтнинг «Ал-Кувайт» жамоалари ўртасидаги 2011 йилги ОФК Кубоги финал учрашувида (2:1) тўртинчи ҳакам сифатида ишлаган бўлса, 2012 йилнинг апрель ойида, ОЧЛ гуруҳ босқичи доирасидаги «Насаф» – «Ар-Райян» (0:1) ўйинида ҳам бош ҳакамга майдон ташқарисида ёрдам берганди. Бироқ шу вақтгача ОФКнинг клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақасида бирор марта ҳам бош ҳакам ролида ҳаракат қилмаган эди.
Гуруҳнинг иккинчи учрашувида Қатарнинг «Лахвия» клуби ОЧЛ плей-офф ўйини ғолиби - Эроннинг «Сабо Қум» ёки БААнинг «Аш-Шабоб» жамоаларидан бирини қабул қилади.
ОФК Чемпионлар лигаси-2013
«В» гуруҳи, 1-тур учрашуви
26 февраль, сешанба
«Пахтакор» (Ўзбекистон) – «Ал-Иттифоқ» (Саудия Арабистони)
Бош ҳакам: Ким Жонг Хёк (Жанубий Корея).
Ён қанот ҳакамлари: Юн Кванг-Йол (Жанубий Корея), Жи Сёнг Мин (Жанубий Корея).
Тўртинчи ҳакам: Сингҳ Пратап (Ҳиндистон).
Назоратчи: Али Муҳаммад Бужсаим (БАА).
Комиссар: Ҳасан Ғаффорий (Эрон).