Осиё Чемпионлар лигаси, “D” гуруҳи, 5-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Ал-Ҳилол” (0:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида наманганликлар бош мураббийи Самвел Бабаян иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди.
“Лочинлар” устози одатдагидек, ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.
- Бугун Осиёнинг энг кучли жамоасига қарши ўйнадик. “Ал-Ҳилол” деярли идеал шаклланган жамоа. Бугун биз ҳимояда тартибли ўйин намойиш этиб, тезкор қарши ҳужумга ўтишни мақсад қилгандик. Аммо рақиб хатога йўл қўйишга мажбур қилди. Фикримча, иккинчи пенальти қўйилган вазият баҳсли эди ва сўнгги қарор ҳакамга боғлиқ эди ҳамда у пенальти белгилади. Гуруҳдан чиқиш имкониятларимиз жуда яхши ва биз улардан максимал тарзда фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
- Бугунги учрашувга асосий таркибни танлашда хатога йўл қўймадингизми? Сабаби биз қарши ҳужумга таяниб ўйнадик, демоқдасиз, аммо қанотда тезкор Дониёр Абдуманнопов бугун захирада қолдирилди. Тома Табатадзе ҳам катта тезликка эга футболчи эмас...
- Таркибни бор футболчилардан танладим. Қанотда Исмоилов ва Собиржоновлар ўйнашди. Абдуманнопов шамоллаб қолганди ва тўлиқ тузалишга улгурмади. У майдонга тушганида жуда қийналди. Кейинги учрашувларга қадар Дониёрнинг тўлиқ соғайиб кетишига умид қиламан. Йигитлар бугун яхши ўйнашди ва уларга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Яна бир маротаба такрорлайман, биз Осиёнинг энг кучли жамоасига қарши ўйнадик. “Ал-Ҳилол”га қарши ҳужумкор ўйин намойиш этишнинг иложи йўқ. Масалан, миллий чемпионат доирасидаги сўнгги учрашувда “Ал-Ҳилол” 9 та гол урди. Тасаввур қиляпсизми, 9 та!
- Аброр Исмоилов бугун анча агрессив ҳаракат қилди. Исмоиловга сиз кўрсатма берганмидингиз ёки унинг ўзи шундай ўйин намойиш этдими?
- Аброр биринчи ўйинда ҳам ва бугун ҳам жуда яхши ўйин намойиш этди. Бугун бизга ҳужумларни якунловчи футболчи етишмади.
- Жамоани бугунги учрашувга яхши тайёрладингиз, аммо ўтган ўйинда жамоа мағлуб бўлди. Жамоага барқарорлик етишмаяпти. Бунинг сабаби нимада?
- Бизда учрашувлар сони жуда кўп, айниқса, мавсум сўнгида. Захира ўриндиғи ҳам бизга панд бермоқда. Кўпроқ ротация қилишим керак, аммо захирада сифатли ўйинчилар етишмаяпти. Футболчилар ҳам мавсум сўнгида чарчашган. Қўшимчасига кўп футболчилар кузда шамоллаб қолишди.
- Ротация ҳақида гапирдингиз. Лекин бизнингча, “Насаф”, “Пахтакор” каби азалий рақиблар билан солиштирсак, “Навбаҳор”нинг захира ўриндиғи энг кучлиси. Айнан қайси позицияларда сизга ўйинчилар етишмаяпти?
- Захирада ёш футболчилар ўтиришибди. Ёшлар жамоасида ўйнайдиган ўйинчиларимиз ўз мусобақасида сўнгги ўринда боришмоқда. Улар ҳали Чемпионлар лигасига тайёр эмас. Чемпионлик даражасига мос футболчиларни жалб этишимиз керак" - деди Бабаян.