Осиё Чемпионлар лигаси, “D” гуруҳи, 5-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Ал-Ҳилол” (0:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар бош мураббийи Жорже Жезуш ва ярим ҳимоячи Сергей Милинкович-Савичлар қатнашиб, журналистларнинг саволларига жавоб беришди.
Меҳмонлар устози одатдагидек, ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.
- Яхши ўйин ўтказдик ва уч очкони қўлга киритдик. Кейинги босқичга чиқдик ва бор эътиборимизни кейинги учрашувларга қаратамиз.
- “Навбаҳор” жамоангизга қарши кечган икки учрашувда ҳам зич ҳолда ҳимояланди. “Навбаҳор”нинг ҳимоясини ёриб ўтиш қанчалик қийин бўлди?
Сергей Милинкович-Савич: - Мураббийнинг барча кўрсатмаларини бажардик ва қониқарли натижага эришдик. Ўйин аввалида рақиб бизни қийнаб қўйди, аммо гол уриб олганимиздан сўнг, беллашув анча ҳужумкор тус олди. “Навбаҳор” жамоаси икки учрашувда ҳам анча тартибли ўйин намойиш этди.
- Наманган шаҳри ҳақида нима дея оласиз? Жамоа ҳақида ҳам фикрингизни билдириб ўтсангиз?
Сергей Милинкович-Савич: - Шаҳарни айланишга деярли вақт бўлмади, сабаби биз фақатгина икки кун шу ерда бўлдик ва меҳмонхонадан чиқмадик. “Навбаҳор” эса анча яхши жамоа экан. Биз ҳам яхши ўйин намойиш этганлигимиз боис, зафар қучдик.
- “Навбаҳор”га қарши кечган биринчи учрашувдан сўнг жамоани яхши ўрганиб чиққанингиз сезилди. Биринчи ўйиндан қандай хулосалар чиқардингиз?
Жорже Жезуш: - Ҳа, биринчи учрашув биз учун қийин ўтганди. Қарши ҳужумларга эътибор қаратдик. Футболчиларнинг майдондаги ҳаракатлари ва тўп билан муомалани кучайтиришимиз керак эди.
- Ўз гуруҳларида иккинчи ўринни эгаллаган учта жамоа “плей-офф” босқичига чиқади. Сизнингча, “Навбаҳор” кейинги босқичга чиқишга лойиқми?
Жорже Жезуш: - “Навбаҳор”нинг яна битта ўйини бор. Фикримча, “Навбаҳор” жамоаси кейинги босқичга чиқишга лойиқ.
- ОЧЛ гуруҳ босқичига қуръа ташланганидан сўнг, “Ал-Ҳилол”га анча осон рақиблар тушганди. Ушбу гуруҳда “Ал-Ҳилол”дан ташқари барча жамоалар ОЧЛда дебют қилишди. “Навбаҳор”нинг жамоангизга катта муаммо бўла олишини кутганмидингиз?
Жорже Жезуш: - “Навбаҳор” 16 та энг кучли жамоа орасида бўлиши керак. Жамоангиз бизни ҳайрон қолдирди ва улар ушбу мусобақада “сюрприз” бўла олади.
- “Навбаҳор” таркибидаги қайси футболчи сизда яхши таассурот қолдирди?
Жорже Жезуш: - Мен айнан қайсидир футболчини кўрсатиб ўтолмайман. Лекин “Навбаҳор” жамоа сифатида жуда яхши шаклланган. “Навбаҳор” ҳақида фақатгина яхши фикрлар айта оламан.
- Салим Ал Довсари жамоанинг штатли пенальтичисими? У бугун иккита пенальтидан фойдалана олмади...
Жорже Жезуш: - Бугун иккита пенальтидан бирини голга айлантира олдик ва энг муҳими шу.