Суперлига 26-туридан ўрин олган "Навбаҳор" – "Нефтчи" (1:1) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Самвел Бабаян ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Бугун "Нефтчи" билан принципиал ўйин бўлди. Бу водий дербиси эди. Футболчиларимга миннатдорчилик билдираман. Бундай тиғиз тақвимда ўйнаш осон эмас. Чемпионлар лигасида максимал даражада ҳаракат қилишяпти. Ҳақиқий ватанпарварлик кўрсатишди. Жисмоний, руҳий ва ўйинга тайёргарликни футболчилар яхши даражада олиб бордилар. Ҳар бир учрашувга жиддий тайёрланишяпти ва бугунги ўйинга ҳам. Тўғри, биз бугун ютмадик. Дуранг ҳам ёмон натижа эмас. Жамоада характер бор. Биринчи таймда мағлубиятга учраётиб иккинчи таймда вазиятни ўзгартириб, назоратни ўз қўлига олган йигитларимга миннатдорчилигимни билдираман. Шу ўринда жамоамиз ишқибозларига ҳам алоҳида раҳмат. Ўз вақтида сабр қилиб, бизга мухлислик қилишгани учун жуда мамнунман. Осиё Чемпионлар лигаси доирасида яна битта ўйинимиз бор. Шундан сўнг мавсум якунлари ҳақида тўхталсак бўлади. Нима ўхшадию, нима ўхшамаганини йил якунида таҳлил қилсак бўлади.
Эътибор берган бўлсангиз, захирамизда асосий таркибнинг фақат иккита ўйинчиси бор эди, холос. Булар – Азимов ва Собиржонов. Қолганлар эса ёш футболчилар. Улар эса бундай юқори савиядаги ўйинларга тайёр эмаслар. Захирамиз чегараланиб қолганлигини ҳам айтиб ўтиш керак. Учта фронтда жанг қилиш бироз оғирлик ҳам қилди. Тан оламан, бизга охирида тажрибали футболчилар етишмай қолди. Жамоани кучайтирадиган, ўз қўлига оладиган йигитлар камлик қилди. Бугун Остон Ўрунов жароҳати билан ўйнади. Ечиниш хонасида у ҳатто юра олмай қолди. Мухлислар бизни қўллаб туришди. Уларнинг олдида мағлубиятга учрамаслигимиз ҳам керак эди. Рақиб Кубокдан чиқиб кетган, халқаро майдонда ўйнамайди ва шу сабабли биздан кўра анча кўпроқ дам олган. Лекин биз "Нефтчи"ъдан олдинда бўлишимиз керак эди ва буни уддаладик. Футболчиларимизга чуқур миннатдорчилигимни билдираман. Мухлисларимиз эса бу жамоамиздан ҳар қанча фахрланса арзийди. Улар "Навбаҳор"ънинг янги тарихини яратишмоқда. Ўйлайманки, халқаро майдонларда ҳам узоққа бора оламиз. Ишқибозларимизни хурсанд қилиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз.
Виктор Жалилов иқтидорларни топиш бўйича кўп ишларни амалга оширди. Академиямиз раиси Ғанишер Исмоилов тасдиқлайди. У билан анча ишларни амалга оширдик. Ҳудудларга бориб 10-11 ёшли иқтидорларни қидириб топиш бўйича бир қатор самарали ишларни амалга оширдик. Албатта, бу келажакда ўз мевасини беради. Мўминовни жароҳати бор ва у Ҳиндистонда даволаниб келади. Яна бошқа иқтидорли маҳаллий ёшлар ҳам бор. Улар "Навбаҳор"нинг келажагини таъминлаб беришади. Ўз ўрнида таъкидлашим керакки, ёшларга берилаётган эътибор сабабли яқинда Индонезиядаги ўсмирлар ўртасидаги мундиалда 4 нафар "Навбаҳор" тарбияланувчилари бор эди. Асосий ишларимиздан бири Наманганда болалар футболига эътиборни кучайтириш, янги иқтидорларни топишдан иборат ҳисобланади. Ҳар куни истеъдодларни излаб топишимиз керак. "Навбаҳор"ъда янада иқтидорли маҳаллий футболчилар тўп суради, деб айта оламан. Клуб келажаги ҳақида гапирадиган бўлсам, келгусидаги режалар хусусида вилоят ҳокими билан гаплашганимизда асосий эътиборни маҳаллий ёшларга қаратишимиз кераклигини алоҳида айтиб ўтди. Келгуси мавсумда асосан маҳаллий ёшларга эътиборни қаратамиз. Биз керак бўлса, бутун Ўзбекистон бўйича иқтидорларни излаб топамиз ва уларни ривожлантириш, ўсиши учун барча имкониятларимизни ишга соламиз. Терма жамоаларимизга "Навбаҳор" қатор ажойиб ўйинчиларни қетиштириб беряпти. Шу боис бемалол айта оламанки, жамоамиз ўйинчилари ҳар томонлама ривожланяпти. Кейинги мавумда жамоамизни ёшартирамиз.
"Мумбай Сити" яхши шаклланган. Уларга қарши илк учрашув қандай қийин бўлганлигини ҳамма кўрди. Охирги турда Эронда тўлиқ таркиб билан ўйнашмади. Бизга қарши барча легионерлари майдонга тушади. Шу сабабли анча жиддий ўйин бўлади. Бизда йўқотишлар бор. Масалан, Филип асосий футболчимиз. Сафарга бормайди, Йўлдошев ҳам биз билан кетмайди. Уни қизил карточкаси бор. Мўминовни жароҳати бор. Бизда йўқотишлар анча кўп. Оғир бўлади. Нафақат наманганлик, балки юртимиздаги барча ишқибозлар бизга мухлислик қилишади, деб ўйлайман. Мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қиламиз”, – деди Бабаян.