Очиғи, Гвардиолани «Барселона»дан бошқа клубда кўришни, у ҳали «кўк-анорранг» бўлган вақтларидаёқ жуда истардим. Худдики, бу унинг мураббийлик маҳоратига тўлақонли баҳо беришга асос яратиб берадигандек эди. Мана, у бугун бошқа бир чемпионатдаги, бошқа бир клубда иш бошлаши маълум бўлди. Мен кутганимдек худди, шундай эмасми? Шундай эмас.
Мен ҳам, худди сиз каби, бошқа клубга ўтиш деганда уни «Барселона»дан бошқа бир «Барселона»га ўтишини кутмагандим.
Ҳа, Англия Премьер-лигаси (АПЛ)да кутгандим уни. Ҳаммамиз кутгандик уни у ерда. Гвардиола Лондон ёки Манчестердан қай бирини танлаши иккинчи даражали масала эди. Пепнинг ўзи ҳам сўнгги вақтларда АПЛнинг шайдоси экани-ю, у ерда ўз кучини синаб кўриш истаги бор эканлиги ҳақида гапиришдан бўшамаётган эди.
Англия – Пеп учун ягона варинат эмасди, албатта. Аниқ таклифлар ҳақида аниқ бир нима дейиш қийинку-я, бироқ сўнгги вақтларда мен ишончли деб билган нашрларим Пепнинг номини жуда кўп клублар билан боғлаётганди. Улар орасида «Милан», «ПСЖ» кабиларни учратиш мумкин эди.
Лекин танловга келганда у «Бавария» вариантини маъқул кўрди. Нега? Нега бошқалар эмас?
Фикримча, ҳаммаси жуда оддий. Қолган клублардан бирортасига бошчилик қилиш – бош оғриқлар ичига бошни суқиш эди. Тафталогия учун узр, албатта. Бошқачароқ таърифлай олмадим.
У ҳозирги «Милан»ни танлашни истамади. Муаммолар ботқоғидан клубни яна шонли онларга қайтариш – анча куч, асаб, сабр ва маҳорат талаб этилишига унинг ақли етиб турганди. «ПСЖ»да мураббий бўлиб ишлаш, ҳар қанча мўмай даромадли вазифа бўлмасин, босими ҳаддан зиёд юқори эканини Анчелоттидан эшитган чиқар, ҳойнаҳой.
«Челси»да, унинг қанча муддатга шартнома имзолашидан қатъий назар, бирор кун Абрамович чап томони билан уйғониб қолса, ишдан бўшаб кетиш хавфи бор экани яқин 5 йилда бот-бот исботини топганини яхши билади у. «Манчестер Cити»да ҳам «ПСЖ»дагидек ҳолат… Умуман, Англия Премьер-лигасидаги исталган клубни бошқариш Фергюсон, Венгер, Бенитес каби титанлар билан, ҳам майдонда, ҳам майдон ташқарисидаги тинимсиз тўқнашувлардан қочиб қутила олмасликка олиб келиши тушунарли. Ҳали замон «Реал»да ишлашдан зерикиб қолган Моуриньо ҳам АПЛга қадам ранжида қилиб қолгудек бўлса, аҳвол фақат оғирлашади, холос. Бундай ҳолатда ишлаш учун юрак керак! Сабр керак. Адреналин лозим.
Пепга эса тинчлик керак.
Ростдан ҳам унинг танлови – мавжуд вариантлар орасидан энг тинчи. Бу ерда Америка кашф қилиш шарт эмас. Ниманидир бошдан яратиш, қандайдир оламшумул ўзгариш қилиш ёки жамоани янгилаш, ёшартириш, кадрлар сиёсатини изга тушириш ва ҳоказо ишларни амалга оширишга ҳожат йўқ. Ҳаммаси жойида. Ҳаммаси тайёр.
У бошқарадиган клуб – лигасининг гегемони. «Бундеслига» дейилганда биринчи бўлиб ёдга тушадиган клуб у. Молиявий томондан муаммо нима эканин билмайдиган, Германиянинг энг бой клуби. Жамоада ҳар бир амплуага 2-3тадан юқори савиядаги футболчига эга бўлган клубга келяпти Пеп. Тайёрига. Сочни калталаб, уни турмаклаш шарт эмас. Шунчаки четларини шундоқ «контовка» қилиб юборса бўлгани.
Бундеслигада унинг ишлари қандай кетишини кузатамиз ва уни АПЛда кутаверамиз. Ким аслида ким эканини билиш учун бундан яхшироқ лигани мен билмайман. Иккичиман.
Аброр Қодиров